Гулистон шаҳрига кириш ҳар қандай транспорт воситаси учун тўхтатилди.
Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситалари учун тўхтатилди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят ИИБ хабар берди.
Вилоят ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Сирдарё вилоят махсус комиссияси қарорига кўра 2020 йил 27 март куни соат 00:01дан бошлаб Гулистон шаҳрига кириш ва шаҳардан чиқиш вақтинчалик тўхтатилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — коронавирус инфекцияси вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олишдир.
Чекловлар қуйидаги ҳолатларда татбиқ этилмайди:
—юк ташиш билан боғлиқ ҳолатларга;
— Гулистон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
— Гулистон шаҳрига кириш учун вилоят марказидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимларга;
— шифокор ва ҳамширалар, СЭОМ ходимлари ҳамда вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига.
Гулистон шаҳрига кириш чиқиш фақат иккита йўналиш бўйича:
1-йўналиш: Гулистон шаҳри, Гулистон кўчасига йўл ўтказгич кўприқ орқали;
2-йўналиш: Гулистон шаҳри, Дўстлик қўрғони, Хондамир кўчасида ташкил этилган карантин постлари орқали — транспорт воситалари ва йўловчиларни дезинфекция қилган ҳолда амалга оширилади.
Гулистон шаҳрига бошқа йўналишлардан кириб-чиқиш жойлари тўлиқ ёпилади. Шаҳар ҳудудига киришга қўйилган чекловларга ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter