Грузияда оммавий намойишлар: одамлар нимадан норози?
7 март куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтарган намойишчилар парламент томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган «хорижий агентлар» ҳақидаги қонунга ўз норозилигини изҳор қилган.
Мамлакат қонун чиқарувчи идораси қаршисида йиғилган бир неча минг аҳоли ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Полициячиларга «Молотов коктейли» улоқтирилгани, хавфсизлик кучлари эса намойишчиларга кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагич (водомёт) қўллагани хабар қилинган.
Тўқнашувлар ярим тунга қадар давом этган, полиция намойишчиларни парламент биносидан сиқиб чиқарган.
Намойишлар зўравонликка айланиб кетганини маълум қилган Грузия ички ишлар вазирлиги ҳар икки томондан жабрланганлар борлиги ҳақида хабар берган. Ўнлаб намойишчи ҳибсга олинган. Мухолифат эса намойиш тинч руҳда экани ҳақида баёнот берган.
Оммавий намойишлар мамлакат парламентида Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунига ўхшаш қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан кейин бошланган.
«Халқ кучи» ҳаракати депутатлари ташаббуси билан тайёрланган ва иқтидордаги «Грузия орзуси» партияси томонидан дастакланган қонун лойиҳасида «хорижий агентлар» рўйхатини тузиш кўзда тутилган. Унга кўра, йиллик даромадининг 20 фоиздан зиёди чет элдан молиялаштирилган нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари «хориж агенти» деб топилади. Мазкур рўйхатга киритилган ташкилотлар йиллик молиявий декларация топшириши талаб этилади. «Хорижий агентлар»нинг давлат хизматчиларидан ахборот олиши ҳам тақиқланади. Қонунчилик талабларини бажармаган ташкилот ва ОАВ жаримага тортилади. Адлия вазирлиги «хорижий агентлар»ни аниқлаш учун мониторинг ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Лойиҳа ташаббускорлари қонун ҳужжати либерал демократияга қарши кураш ва Ғарбнинг Грузияни урушга тортиш мақсадига жавобан ишлаб чиқилганини айтган.
Грузиядаги мухолиф сиёсатчилар, журналистлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари қонун лойиҳасини танқид қилиб келади. Улар Россия қонунчилигидан кўчирилган бу ҳужжат ҳукуматга хуш келмайдиган нодавлат ташкилотлар ва ОАВни ёмонотлиқ қилиш ва фаолиятини чеклашга хизмат қилишидан хавотирда.
Айни пайтда АҚШда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия президенти Саломе Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлаб, қонун лойиҳасига вето қўйишга ваъда берган. У Грузиянинг бош мақсади ЕИга аъзолик бўлишини урғулаб, баҳсли қонунни қўллаб-қувватлаётганлар Конституцияни бузаётганини урғулаган.
«Кераги бўлмаган бу қонун тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ, у Москва томонидан айтиб турилгандир. Ўз келажагини Европада кўраётган Грузиядан истиқболини тортиб олишларига йўл қўйилмайди», – деган Грузия тарихидаги илк аёл президент.
Аммо таҳлилчилар Грузияда президент ваколати чеклангани ва иқтидордаги партия давлат раҳбари ветосини четлаб ўтиш учун етарли овозга эга эканига эътибор қаратмоқда.
Европа комиссияси вице-президени Жозеп Боррель «хорижий агентлар» ҳақидаги қонун лойиҳаси демократик қадриятларга ва Тбилисининг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш мақсадига зид экани ҳақида баёнот берган. Европа бош дипломатига кўра, ушбу қонун лойиҳаси фуқаролик жамияти ва ОАВ фаолиятига ҳамда Грузия ва ЕИ муносабатларига салбий таъсир кўрсатади. Расмий Брюссель Тбилиси демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилиши лозим деб ҳисоблайди.
Human Rights Watch, Amnesty International каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Грузия парламентини бу қонунни қабул қилмасликка чақирган.
АҚШ элчихонаси «Кремлдан илҳомланган ҳолда» тайёрланган қонун лойиҳаси Грузиянинг демократик тараққиёт йўлига мувофиқ эмаслигини таъкидлаган. Қўшма Штатлар сўнгги ҳодисаларни «Грузия демократияси учун қора кун» деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter