БМТ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари она сутининг аҳамияти ҳақида сўзлади
3 июн куни Тошкент Экобоғида Халқаро пресс-клубнинг мактабгача таълим вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган сайёр сессияси бўлиб ўтди. Тадбирда БМТ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Граумен, БМТ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўйича бўлими бошлиғи Дипа Санкар, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари Любовь Евстафьева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси Мавлуда Исхаковалар сўзга чиқди.
БМТ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Граумен болаларни гўдаклик даврида тўғри овқатлантириш уларнинг келгусидаги ҳаётини белгилаб беришини таъкидлади. Шунингдек, бу даврда уларни она сути билан озиқлантиришнинг нечоғлик муҳим экани ҳақида сўзлади.
«Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар тўлақонли ривожланишлари учун тўғри ва ўз вақтида овқатланишлари зарур. Иложи борича чақалоқнинг илк озуқаси кўкрак сутидан ташкил топиши лозим. Чунки у оддий озуқадан анча муҳимроқ. Ҳисоб китобларга қараганда, кўкрак сути билан боқиш кўрсаткичларининг яхшиланиши бутун дунёда беш ёшгача бўлган 820 мингдан ортиқ болалар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Кўкрак сути билан озиқлантириш боланинг мияси соғлом ривожланишини таъминлайди. Чақалоқни семириб кетишдан ва иккинчи турдаги диабет каби сурункали касалликлар ҳамда юрак ҳасталикларидан ҳимоя қилади»,- деди ваколатхона раҳбари.
Саша Грауменнинг маълумот беришича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар энг яхши ҳимоя ва озуқага эга бўлишлари учун уларни икки ёшга тўлгунларича ва ундан кейин ҳам кўкрак сути билан боқишни давом эттириш лозимлигини таъкидлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter