«Гирдоб» романи дунёга келишида онамизнинг ҳам иштироки бор эди — адибнинг қизи

Ўктам Усмонов 1938 йили Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғида боғбон оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Тошкент педагогика институтига кириб ўқиди. Уни муваффақиятли тугатгач, аввал республика газеталарида хизмат қилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб ҳамда «Ўзбекистон овози» газетасида бош муҳаррир вазифаларида иш олиб борди. Адибнинг биринчи ҳикоялар тўплами 1964 йилда «Гулдаста» номи билан чоп этилди. Шундан сўнг 1965 йилда «Баҳс бойлашган бола», 1970 йилда эса «Баҳор чақмоқлари» номли ҳикоялари ва илк қиссаси нашр этилади. Сўнгра адибнинг «Нотинч кеча» (1976), «Сирли соҳил» (1981) каби ҳикоялар тўплами ўқувчига тақдим этилади. Ҳикояларида адибнинг инсон ва инсонийлик ҳақидаги мушоҳадалари ранг-баранг образлар, ҳаётий деталларда умумлаштирилади.
Ўктам Усмонов ижодида «Гирдоб» (1979) романи алоҳида ўрин тутади. Унда адолат билан ноҳақлик, садоқат билан хиёнат ўртасидаги кураш маҳорат билан тасвирланган. Мазкур роман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган. Адиб 1990 йил 3 январда вафот этган.
Абиднинг қизи, таржимон Зуҳро Усмонова шундай хотирлайди:
«Мактабда ўқиган кезларимизда кундалик дафтарни текшириш ҳам, ота-оналар мажлисига бориш ҳам, уй юмушларида онамизга ёрдам беришимизни назорат қилиш ҳам дадамнинг назаридан четда қолмасди.
Табиатга, атроф-муҳитга меҳр билан муносабатда бўлишни ҳам болалигимиздан ўргатган. Ҳар баҳор, ёз албатта тоғу-даштларга, дарё бўйларига сайр уюштирарди. Яхши дам меҳнатга ҳамдам деган мақолга риоя қилар эди.
Энг муҳим жиҳатларидан яна бирини айтиб ўтишни лозим деб ўйлайман. Ёшлигимдан кўз ўнгимда дадам қўлларида китоб билан намоён бўлади. Яъни, ҳеч қачон бирон бир янгилик, фикрни ўрганишдан, изланишдан чарчамас эди. Доим китобни мутолаа қиларди. Қандайдир қизиқарли, янгича фикр-мулоҳазани ўқиб қолсалар, албатта, биз билан ўртоқлашиб, ён дафтарларига ёзиб оларди. Буни бир мисолда ҳам эслайман. Мен Тошкент Давлат университетининг рус филологияси факультетида ўқиётган кезларимда, ўқув дастури бўйича рус мумтоз ёзувчилари ва шоирларининг асарларини, улар ҳақидаги илмий мақолаларни ўқиш шарт эди. Уларнинг бирида Лев Толстой ҳақида бир қизиқарли далилни ўқиб, дадамга айтиб берганимда, «қара, мен бу ҳақда билмаган эканман, жуда қизиқ», деб кундалик дафтарларига қайд қилиб қўйган эдилар.
Оиламизда доимо ижодий муҳит ҳукм сурган, десам ҳам бўлади. Аксарият китобхонларга таниш бўлган ҳикоялар, қисса ва айнан «Гирдоб» романининг дунёга келиш жараёнларида онамизнинг ҳам, катта опамнинг ҳам муайян бир иштироки бор эди. Бугунги замонавий компьютерлардан олдин энг илғор ҳисобланган ёзув машинкаларидан чиққан қораламалардаги тасвирлар, қаҳрамонларнинг ўй-ташвишлари, ҳиссиётлари илк бор турмуш ўртоқлари, ҳамкасблари, филолог ва таржимон, онажонимиз Шарифа Абдураззоқова эътиборига ҳавола этиларди...»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter