Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гедонизм: ҳашаматга муҳаббат ёхуд «завқ маданияти»нинг оммалашуви хусусида

Гедонизм: ҳашаматга муҳаббат ёхуд «завқ маданияти»нинг оммалашуви хусусида

фото: xabar.uz

Ҳузур, завқ, фароғат...

Олдос Хакслининг 1932 йили нашр этилган «Brave New World» (Ажиб янги дунё) антиутопик романи маънавиятдан узоқлашган ҳаёт ҳақида ҳикоя қилади. Роман XXVI асрдаги дунё ҳақида. Бу жамиятда одамлар лабораторияда сунъий равишда яратилади ва улар касталарга бўлинади: Альфа – элита ва раҳбарлар, Бета – мутахассислар ва интеллектуаллар, Гамма, Дельта, Эпсилон – пастроқ ижтимоий қатлам ва ҳунармандлар. Одамлар туғилмайди, балки инкубаторларда ўсади ва болаликдан программалаштирилади. Ҳамма шахсий фикрлашдан маҳрум, «гипнопедия» орқали (уйқу пайтида такрорланадиган гаплар) муайян ғояларга ишонтирилади.

Бу ерда инсонлар бахтли бўлишга мажбур, улар доимо кайфиятни кўтариш учун «сома» номли наркотик истеъмол қилади. Техника ва илм ривожланган, лекин шахсий эркинлик, оила тушунчаси, дин, маданият йўқ, фақат истеъмол ва ҳузурланиш муҳим. Одамлар севги, дўстлик ва маънавиятни эмас, балки фақат ҳаловат, ҳузурни қадрлайди. Бу оламда ҳеч ким ташвиш ёки қайғуни ҳис қилмайди, чунки улар «сома» моддаси туфайли ҳамма нарсани унутади.   Тасаввур қилинг, жамият моддий жиҳатдан мукаммал – ҳеч ким камбағал эмас, барча эҳтиёжлар қондирилган, одамлар яхши овқатланади, чиройли кийинади, мунтазам лаззат олади. Уларда ташвиш йўқ, фаровонлик тўлиқ таъминланган, лекин маънавий жиҳатдан қашшоқ – ўз мустақил фикрлаш қобилиятини йўқотган. Уларда санъат, адабиёт, дин, руҳий изланиш йўқ, фақат истеъмол қилиш, вақтни чоғ ўтказиш ва кайфиятни юқори қилиш ҳақида ўйлайди.

«Ўлар дунёда ўйнаб-кулиб қолайин!»

Кейинги пайтда юртдошларимиз орасида жуда кўп кузатаяпмиз, «бир марта яшайсан, дунёга бир марта келасан, мазза қилиб яшаб қол». Инсон тийнатидаги мана шундай интилишлар икки хил кўринишда: гедонизм ва YOLO  (бу ҳақда кейинги мақолаларда)деб аталаркан.

Гедонизм – бу ҳаётдан завқ олишни, лаззатни ва шахсий роҳатни энг муҳим мақсад деб билишдир. Унинг кучайиши асосан иқтисодий ривожланиш, маданият ва ижтимоий қадриятлар билан боғлиқ. Айрим мамлакатларда гедонистик тамойиллар ҳукмрон бўлаётган бўлса, баъзилари бу босқичдан ўтиб, яна анъанавий ёки маънавий қадриятларга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Агар кўпчилик гедонистик ёндашувни танласа ва фақат шахсий завқни ўйласа, жамиятда масъулиятсизлик, ресурсларни нотўғри тақсимлаш ва ижтимоий таназзул юзага келиши мумкин. (аммо гедонизм таълимотининг ижобий томонлари ҳам бор, бу ҳақда кейинроқ), тўғрироғи биз таҳлил қилмоқчи бўлганимиз замонавий гедонистик қарашларнинг кенг қулоч ёйиши ҳақида...

Баъзи мутахассислар ҳозирги истеъмол маданиятини «гедонизм иқтисодиёти» деб аташади. Чунки реклама, тезкор сервислар ва моддий буюмлар одамларнинг қисқа муддатли лаззатга интилувчи психологиясини қўллаб-қувватлайди. Бу экологик ва иқтисодий муаммоларни кучайтириши мумкин. Экология таъсири: ишлаб чиқаришнинг ҳаддан ортиқ кўпайиши, иқтисодиётга таъсири: одамларнинг қарзга(кредит)яшаши.

Гедонистик маданият ривожланган ва воз кечган давлатлар....

Гедонизм АҚШдан бошланган. Жамоатчилик – ижтимоий тармоқлар, тезкор сервислар (онлайн харидлар, тезкор овқат), кўнгилочар саноат орқали «ҳозир ва шу ерда» ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, у ерда минимализм ва маънавий қадриятларга қайтиш ҳаракатлари ҳам мавжуд.

Франция айниқса, Париж каби шаҳарларда гедонистик маданият анъанавий равишда ривожланган. Овқатланиш маданияти, мода, дам олиш ва шахсий эркинлик бу ерда жуда қадрланади. Аммо французлар гедонизмни кўпроқ маданий ва эстетик лаззат орқали намоён қилишади.

Япония – тезкор истеъмол ва технологиялар орқали гедонизм кучайган мамлакатлардан бири. Кафе-барлар, тематик ўйин-кулги марказлари, виртуал дунё (аниме, видеоуйинлар, VR) орқали япон жамиятида тезкор лаззатланиш тенденцияси ортаяпти. Бироқ Японияда шу билан бирга қадимий анъаналар ва меҳнат маданияти ҳам сақланиб қолган.

БАА (Дубай) – пул, чексиз лаҳзавий лаззат ва улкан лойиҳалар билан боғлиқ маданиятга эга. Дубай – бу тезкор завқлар ва катта пул оқимига боғлиқ бўлган шаҳар. Молиявий фаровонлик ва лаҳзавий лаззатлар маданияти кўплаб одамларни ўзига жалб қилади.

Жанубий Корея – моддий фаровонликка, ташқи кўринишга ва тезкор ҳаёт тарзига эътибор қаратадиган мамлакат. Kосметика индустрияси, тезкор технологиялар ва интернет орқали гедонистик йўналиш кучайган.

Аммо «ҳозир ва шу ерда» ҳаёт тарзидан воз кечган мамлакатлар ҳам бор. 1920 –1930 йилларда Германия: Берлин тезкор ҳаёт тарзи, гедонистик маданияти билан машҳур эди. Аммо Иккинчи Жаҳон уруши ва урушдан кейинги иқтисодий тикланиш даврида немис жамияти прагматизм ва ишчанликка кўпроқ эътибор бера бошлади. Ҳозирда Германияда маънавий ва ижтимоий масъулият гедонизмдан устун қўйилади.

Хитой 1980 – 1990 йилларда капитализм кучайганидан кейин, у ерда истеъмолчилик ва тезкор лаззатлар ўсган эди. Аммо ҳозирда ҳукумат миллий анъаналар, маънавий қадриятлар ва меҳнат маданиятини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Гедонизмга қарши кураш сифатида айрим интернет платформалар ва «дам олиш маданияти» чекланган.

Скандинавия давлатлари (Швеция, Норвегия, Дания) – бу давлатларда ҳам бир пайтлар гедонистик йўналиш сезиларли бўлган, аммо ҳозирда жамият экологик онглиликка, ижтимоий тенгликка ва маънавий қадриятларга кўпроқ эътибор қарата бошлади. Улар тезкор лаззатдан кўра, узоқ муддатли фаровонликка йўналтирилган маданиятни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Маълумотларга қараганда Ўзбекистонда  ҳам гедонизм сезилмоқда, айниқса, сўнгги 10-15 йил ичида. Бунга сабаб эса бозор иқтисодиёти ривожланиб, тижорат ва истеъмолчилик маданияти кучаймоқда. Янги савдо марказлари, бренд дўконлар, кафе-бар ва кўнгилочар жойлар кўпаймоқда. Одамлар истеъмол учун кўпроқ харажат қилишга ўрганмоқда.

Ҳашаматли ҳаёт тарзи бу – иллюзия

Яна ижтимоий тармоқлар – Instagram, TikTok ва бошқа платформаларда лаҳзавий завқни тарғиб қилувчи контент кўпайди. Кўплаб ёшлар «гўзал ҳаёт», саёҳатлар, брендлар ва «luxury lifestyle» нинг таъсирига тушмоқда. Luxury lifestyle – бу «ҳашаматли ҳаёт тарзи» деган маънони англатади. Luxury lifestyle одатда қимматбаҳо брендлар, эксклюзив хизматлар, юқори даражадаги уй-жойлар, машиналар, саёҳатлар ва юксак стандартли ҳаёт тарзини ўз ичига олади. Гедонизмнинг хавфли томони  одамлар тезкор завқ учун кўпроқ вақт ва пул сарфлай бошлайди. Меҳнат қилиш ўрнига тез бойиш, оддий ҳаёт ўрнига дабдабага интилиш тенденцияси кучаяди.

Гедонизмнинг кучайишининг фожеали томонларидан бири у ор, уят тушунчаларини ўзгартириб юборади. Пул биринчи ўринга чиқдими демак, ахлоқий қадриятлар ўз қийматини йўқотади.

«Пул топиш учун ҳар қандай йўл мумкин» деган қараш кенг ёйилади. Бунга бугунги кунда баъзи одамлар, айниқса ёшларнинг интернетда ёки ҳаётда катта пул топиш учун ахлоқий меъёрларни четга суришини мисол келтириш мумкин. Аввал «шарманда» ҳисобланган ишлар энди «оддий» ҳолга келиб қолди. Баъзи блогерлар, ёшлар ва контент яратувчилар шов-шувли видео ва постлар орқали эътибор қозонишга, ҳақоратли ёки чалғитувчи контент, нотўғри пиар, интернет жанжаллари орқали машҳур бўлишга ҳаракат қиляпти. Натижада уларда «оммабоп бўлсам бўлди, қандай йўл билан эришганим муҳим эмас» деган қараш мавжуд.

Нега  «завқ маданияти» ҳукмрон бўлиб бормоқда?

Реклама ва маркетинглар бизга ҳар лаҳзада «ҳозир завқлан, ҳозир бахтли бўл», деган ғояни илгари суради. Телевизор, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали истеъмолчиликни рағбатлантирувчи контент жуда кўп. Ижтимоий тармоқларда одамлар ўзларининг энг чиройли, бахтли лаҳзаларини кўрсатади. Бу бошқаларда «мен ҳам шундай яшашим керак», деган иллюзияни яратади.

Осон лаззат манбалари – тезкор егуликлар, онлайн кўнгилочар сервислар (Netflix, YouTube), тезкор модалар – барчаси одамларни шошилинч қониқишга, лаҳзалик қониқишларга шошишга ўргатади. Ҳеч ким узоқ муддатли мақсадларга интилишни хоҳламай қолаётгандек.

Бунга эса ҳаётдаги муаммолар, иқтисодий қийинчиликлар, сиёсий беқарорлик сабаб – одамларни айни дақиқалардан завқ олишга мажбур қилади. «Келажакни ўйлаб қийналгандан кўра, ҳозирча яхши яшай», деган фикр кенг тарқалаётганини инкор қилиб кўринг-чи.

Кўнгилочар ҳаёт ва «завқ маданияти» таъсирини қандай камайтириш мумкин? Бу ҳақда мутахассислар маънавий қадриятларни тарғиб қилишга чақиради: фақат пул эмас, ҳалоллик ва ҳақиқат муҳимлигини ёшларга тушунтириш орқали. Шу нуқтада ёшлар билан ишлайдиган ташкилотлар фаоллашиши керак. Ижтимоий тармоқларда тарбиявий контентни кўпайтириш – ахлоқий қадриятлар ва маънавиятга қизиқарли, креатив ёндошиш, ота-она ва мактаб ролини кучайтиришга эътибор қаратилиши керак. Маърифий ва интеллектуал ёшларни қўллаб-қувватлаш – ёшлар орасида ўрнак бўлганларни тарғиб қилиш ҳам яхши ёрдам беради.

Янги нарса эскисидан яхшироқми?

Яна «Brave New World» – «Ажиб янги дунё» романига қайтамиз, асар бу саволга жавоб беради: технология ва истеъмолчилик маънавиятни йўқ қилиши мумкин! «Янги нарса эскидан яхшироқ!» – бу одамларни доимо харид қилишга мажбур қилади. Тузум одамларга  яхши ҳаёт учун кўпроқ истеъмол қилиш керак», деган фикрни сингдиради. Улар ўйлаш ёки ҳис қилишга ўргатилмаган, муҳаббат, оила ва муносабатлар йўқотилган, муҳаббат туйғулари одамларга нотўғри деб ўргатилган. Улар фақат жисмоний муносабатларга эга ва доимий ҳамкор йўқ. «Она» ва «ота» сўзлари ҳақоратли ҳисобланади. Чунки болалар лабораторияларда сунъий равишда туғилади. Ҳеч ким ҳаётда қийинчиликни ҳис қилмайди, чунки «сома» дориси уларга ҳамма ташвишни унуттириб юборади.

Асардан хулоса чиқариш мумкинки, маънавият йўқолган дунёда инсонлар моддий жиҳатдан таъминланган, лекин руҳий жиҳатдан қашшоқ. Ҳақиқий ҳис-туйғулар ўрнига сунъий лаззатлар бор. Фикрлаш ва изланиш ўрнига истеъмолчилик ва тайёр «бахт» бор. Эркинлик йўқ, ҳеч ким ўз танловини ўзи қилмайди – улар болаликдан шундай тарбияланганки, ҳеч қандай шубҳа ёки фикрлашга эҳтиёж сезмайди. Ҳеч ким тўғри ёки нотўғри ҳақида ўйламайди – чунки ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳамма нарса ҳукумат томонидан ҳал қилинган.
Агар инсон: қувончни сезмаса – у ҳақиқий бахтни тушунмайди. Қайғуни ҳис қилмаса – ҳеч қачон ўзига сабоқ олмайди. Азобни билмаса – ўзини кучли қилиш учун ҳаракат қилмайди. Муҳаббатни тушунмаса – унга ҳеч ким керак эмас. Яъни, агар одам ҳис-туйғуларни тушунмай қўйса, у шунчаки роботга айланади.

Яна бир тенденция бор бу YOLO – (you only live once) ҳаёт сенга бир марта берилган дегани.  Аммо гедонизмда асосий мақсад завқланиш бўлса, Volo инсоннинг ҳақиқий хоҳишларини излаш, уни амалга ошириш ва бу йўлда жавобгарликни ҳис қилиш демакдир, бу энди кейинги мақола учун заҳирадаги бошқа мавзу...

                                                                                    Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг