Газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайиб кетяпти – Энергетика вазирлиги
Ўзбекистондаги мавжуд газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари йилдан-йилга камайиб бораётгани айтилмоқда.
Энегетика вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, 2021 йилда белгиланган режага нисбатан 229 млн метр куб кам табиий газ қазиб чиқарилган, 2022 йилнинг 11 ойида эса режага нисбатан 5,8 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилди.
«Мамлакатимиз ҳудудларидаги газ конларида режага нисбатан суткасига ўртача 7 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилмоқда. Бунинг асосий сабаби газ конларида табиий газ захираларининг камайиб бораётганлигидир.
Бугунги кунда кўрилаётган чораларга қарамасдан ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши сабабли қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Қазиб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ички истеъмол учун, хусусан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иссиқлик электр станцияларига йўналтирилмоқда», – дейилади вазирлик маълумотида.
Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг январ-октябр ойларида, Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Хитойга қувур орқали газ етказиб бериш қиймати 916,7 миллион долларни ташкил этган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 152,5 фоизга кўпдир.
Вазирлик, шунингдек, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини (мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб, ўқув юртлари, шифохоналар ва бошқалар) энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш асосий мақсад эканини қайд этади.
«Ҳозирги кунда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини оширишнинг зарур чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Шу муносабат билан истеъмолчилардан ушбу ҳолатни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурсларидан имкон қадар оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз», – дейилади Энергетика вазирлиги маълумотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter