Ғанимлари кўп, мард ва танти Тоғай Мурод ҳақида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Абдулла Қодирий номидаги давлат мукофоти совриндори Тоғай Мурод «Ойдинда юрган одамлар», «Қўшиқ», «От кишнаган оқшом», «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди», «Юлдузлар мангу ёнади», «Момо Ер қўшиғи» каби бир қанча асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг рафиқаси, ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Маъсума Аҳмедова билан суҳбатимиз адибнинг умр йўллари, ўзбек адабиётининг ёрқин ва ўчмас юлдузига айланган бетакрор асарларининг яратилиш жараёни, улуғ ёзувчининг воқеликка қарашлари ҳақида бўлди.
– Маъсума опа, сиз халқимизнинг ардоқли ёзувчиси билан анча йиллар умргузаронлик қилдингиз. У кишини сиздан яхши биладиган ва сиз каби тушунадиган инсон бўлмаса керак. Суҳбатимизни Тоғай Муроднинг болалик йиллари, ёшлиги, оиласи ҳақидаги эшитганларингиз, фикрларингиз билан бошласак.
– У Сурхондарёнинг инсон кифтини куйдирган қуёши каби қайноқ меҳри билан камолга етган, десам муболаға бўлмас. Денов, ҳозирги Олтинсой туманининг Хўжасоат қишлоғида ўсиб-улғайиб, шу қишлоқда болалигининг беғубор дамлари, ёшлигининг орзуларга ошно паллалари ўтган. Ота-онаси жуда меҳрибон кишилар бўлган, уларнинг муҳаббатига чулғаниб, ўгай ота қўлида улғаяётганини сезмаган ҳам. Отаси Бўривой ота ветеринар-шифокор бўлса-да, қалби санъатга ошуфта бўлиб, дутор чалиб ашула айтар, ўғли икки ёшдалигида яшин-чақмоқ, яъни момақалдироқ туфайли оламдан ўтган эканлар. Албатта, бу ёшдаги бола отасини эслай олмаслиги табиий. Тоғай аканинг исми ҳам дунёга келиши билан боғлиқ. Онасининг айтишича: «Тоғасиникида туғилгани учун отини Тоғай қўйдик, муродига етиб юрсин, деб Тоғаймурод қўйдик».
Тоғай аканинг адабиётга меҳри ҳам Хўжасоат қишлоғида ўзи сингари улғая борган. Ўгай отаси колхозда ҳисобчи бўлиб, маърифатли инсон саналган экан. Шунинг учун оилада болалар тарбиясига, айниқса, Тоғай аканинг илм олишига алоҳида эътибор қаратганлар. Қайнонам Тожихол ая жуда оқила, озода, ораста ва пазанда аёл эдилар. Халқ термалари, оғзаки ижодини ёддан айтар, шу билан бирга, кашта тикиш, тўн, чопонлар қавишни яхши билар эдилар. Менга ҳам чопон қавиб берганлар. Тўйимиздан кейин ёзувчи Москвага, Горький номидаги Адабиёт институтига ўқишга кетганларида ёнимда бўлиб, менга сурхонча зиғир ёғли ош пиширишни ҳам ўргатганлар. Улар ивитган қатиқни нақ қаймоқ дердингиз…
– Она-боланинг бир-бирига муносабати қандай эди?
– Биринчи келганларида Тоғай ака Москвага кетган пайтлари бўлиб, мен уларнинг телефонда гаплашганларини эшитиб, ҳайрон қолганман: она ўз ўғли билан сизлаб гаплашди. «Нега ўғлингизни сизлаб гапиряпсиз?» деб сўраганман. «Ёшлигида сен дердим, ҳозир у катта одам бўлди, ўқиди, илмли бўлди. Мен ўқимаган, бир оми аёл бўлсам, у катта илмга эга, катта одам. Илмини ҳурмат қилиб, «сиз», дейишим керак», деганлар. У кишидаги ички маданиятни кўриб ҳайратланганман.
– Ёзувчи адабиётга қандай қизиқиб, меҳр қўйганлари ҳақида гапириб берганмилар?
– У киши адабиётга муҳаббат уйғотган инсон мактаб кутубхоначиси, Қозондан келиб қолган татар аёли Хадича Ботиршина эканлиги ҳақида 2003 йилда «Ёшлик» журналига берган интервьюсида батафсил ҳикоя қилганлар... «У кутубхонадаги ва кутубхоначи тавсия қилган барча китобларни ўқиб бўлгандан кейин Хадича опанинг шундай деганини эътироф этади: «Ана энди адабий лавҳалар машқ қил!»
«Мен адабий лавҳалар машқ қилдим. Район газетасига жўнатдим. Газета лавҳаларимни босмади. Мен конверт бетларига гуллар чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа чеккаларига булбуллар расмини чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа тепасига оғзида гул тишлаб турган каптар расмини чизиб жўнатдим. Барибир газета адабий лавҳаларимни босмади. Бир куни район газетасида илк бор менинг исми-шарифим билан бир мақола пайдо бўлди. Ҳайрон бўлдим. Мен бунақа мақола жўнатмаган эдим. Ҳамма мени табриклади. Мен билдирмай, гердайиб юравердим. Биз шунақа ёзамиз, деб қўйдим. Адабиёт ўқитувчимиз Ҳамза Ҳамроев мени четроққа олиб борди.
«Газетани кўрдингми? – деди. – Ўшани сенинг номингдан мен қилдим. Газета ходимларига ҳам тайинлаб келдим. Ана энди ғайрат қил».
Дарҳақиқат, Ҳамроев район, область газеталарининг штатсиз мухбири эди. Ана шундан кейин газетада мунтазам чиқиб турдим. Яқинда уйимизга ориқ бир чол кириб келди. Оппоқ соқоллари кўксига тушади. Бу чол ўша адабиёт муаллимимиз Ҳамза Ҳамроев эди. «Умрим педагоглик билан ўтди, – деди Ҳамроев. – Сизни ўқитганим учун педагоглик умримдан мингдан-минг розиман».
Отаси Тоғай акани 7-8 бола туғилиб, шулар орасида омон қолган ёлғиз қизи Орзугул билан бирга камолга етказган, университетга киришини қўллаб-қувватлаган. Тақдир экан, кейин у киши бошқа аёлга уйланган ва бу ишини ўзи ўғил кўрмоқчи экани билан изоҳлаган. Тоғай ака оиласидан гап очилганида ўгай отасининг ўзини катта қилиб, илм олишига бош-қош бўлганини миннатдор бўлиб, ҳурмат билан эслардилар.
– Тоғай Муроднинг Сурхондарё, Паркенту Тошкентга улкан чинор янглиғ томирлари туташган. Сизнинг синчков нигоҳингиз адибнинг табиатида кўпроқ тошкентча чаққонлик, чапаниликни илғармиди ёки сурхонча қони қайноқ, жўшқинликними?
– Сут билан кирган жон билан чиқади, деган гап бор халқда. У киши ҳеч қачон тошкентлик ёки паркентлик бўлиб қолган эмаслар. Умрларининг охиригача асл Сурхон фарзандилигича қолдилар. Яъни чапдастлиги, жўмардлиги, бир сўзлилиги, қатъиятлилиги билан Сурхонга содиқ қолдилар.
У шундай ёзади: «Мен ўрта мактабни битириб, шундай ният этдим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача уйланмайман, оила қурмайман». Бундай ниятдан мақсади фақат илм олиш эди, яъни: «Мен фақат бир мақсадни кўзладим, ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш... Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат қизғанмадим. Мен дунё талашмадим! Фақат изландим, фақат ўқидим».
У киши адабиётни қисмати деб билган ва шу йўлда яшаган ва ҳар қандай машаққатларга дош бера олган инсон эдилар. Биз ҳақиқатан Тоғай ака ният қилган ёшларида турмуш қурдик, Тошкентда яшадик. Ёзувчи аксарият Сурхондарёнинг Вахшивор деган тоғли сўлим қишлоғидаги ўзлари таъриф берганларидай, тоғчорбоғда ижод қилганлар. Қандай асар ёзаётган бўлсалар, ўша ер, ўша ҳудуд урф-одатларидан тортиб, ўтмишию бугунигача, тановул қиладиган таомию, шевасигача шунчалар пухта ўрганар эдиларки, ҳаттоки ойлаб, йиллаб улар орасида яшар, улар билан бирга ишлар эдилар. Шу меҳнат самарасини адиб асарларида кўришимиз мумкин, шираси, ҳаётийлиги, мазмунан теранлиги фикримизга далил бўла олади. «Отамдан қолган далалар» романини ёзиш учун Сурхон далаларида қолиб кетганлар.
– Ёзувчи «Отамдан қолган далалар» асарининг яратилиш тарихи ҳақида ёзар экан, «Мен нимага эришган бўлсам – барчаси учун ғанимларимдан миннатдор бўлдим. Ғанимларим бўлмаса – мен Тоғай Мурод бўлолмас эдим», деган фикрни баён қилади. Тоғай Муроднинг душманлари шунчалик кўпмиди?
– Замон, муҳит, қатағон йиллари, тўғри сўзни айта олмаслик азоби, ҳақиқатни ёзганларнинг асарларини чоп этишга қарама-қаршиликлар авж олган палла... Тоғай ака яна бир асари ҳақида шундай битиклар битганлар: «Ғанимларим қорақуртдай ғимирлаб қолдилар. Дунёда қанақа мағзава бор – мени бошимдан тўкдилар. Дунёда қандай фисқ-фасод бор – мени номимга тупуклаб ёпиштирдилар. Тоғай Мурод номимни қоп-қора этдилар… «Ойдинда юрган одамлар»ни чоп эттириш учун уч йил сарсон-саргардон бўлдим». Адиб ҳар қандай қарама-қаршилик бўлмасин, руҳан синмас, тушкунликка тушиш ўрнига фақат мақсад сари интилишдан тўхтамас эдилар. Ана шу хислати у кишини мақсадига етказди.
– Аксарият аёллар ижодкорларнинг кўнглини топиб, ўз орзусидагидай яшаб кетиш қийин, деб ҳисоблайди. Турмуш қураётганда бу саволлар сизни иккилантирмадими? Оилангизда икки нафар ёзувчи, кўнгли нозик – икки буюк қалб эгалари яшаб, ижод қилгансизлар. Бу барчага ҳам насиб этавермайдиган ҳолат. Аввало, турмуш қуришингиз сабаблари ҳақида гапирсангиз.
– Қуръони каримда шундай битик бор: «Тақдир Аллоҳдандир». Мен Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида ишлар, директор рўпарасидаги хонада ўтирардим. Курсдошларим Маъсуда ва Мирзапўлат Тошпўлатов билан бирга ишлардик. Тоғай Мурод ёзувчи бўлиб танилган пайтлар эди. Мирзапўлат у кишининг янги нашр этилажак «Ойдинда юрган одамлар» китобига муҳаррир қилиб тайинланибди. Бу ҳақда Мирзапўлат Тошпўлатов «Мен қайтиб келаман» хотиралар китобида шундай ёзади:
«Тоғай Мурод ниҳоятда жиддий, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган, бир сўзли, ўз фикрини кишининг юзига дангал айтадиган, дадил ҳамда катта билимга эга нуктадон адиб эди. Мана, қиссаларининг босмахонадан корректураси ҳам келди. У ўша куни нашриётга келганида мен гапни уйдагилар, бола-чақа яхшими, деб сўрашишдан бошладим.
Бирдан унинг жаҳли чиқди. Атрофга бир қараб олди-да, ташқарига чиқ, деди. Мен Тоғай аканинг орқасидан чиқдим.
– Ҳозир сен ҳазил қилдингми ё атайин шундай дедингми?
У менга биринчи марта сенсираб гапирди. Жаҳли чиққани оқариб кетган юзидан шундоқ сезилиб турар эди.
– Нимайди, ҳазил қилганим йўқ, бирор ножўя гап айтдимми? – шоша-пиша шундай дедим.
– Мен уйланмаганман.
Талмовсираб қолдим. Ростдан ҳам унинг оила қурмаганлигини билмасдим. Нима дейишни билмасдан беихтиёр узр сўрадим.
– Билмаган бўлсанг, майли.
Унинг овози оҳангидан юмшаганини сезиб, дадиллашдим:
– Насиб бўлса, уйланарсиз, кўз остингизга олганингиз бордир.
– Бор. Қаршингда ўтирган Маъсума бор-ку, сўра, шу қиз тегса, оламан. Бор, кириб сўра, – деди.»
Ишқилиб, қарасам, икки курсдошим пичир-пичир қилишади, бир-бирини имлаб хонадан чиқиб кетишади. Ахири курсдошларимга: «Овозини бир марта эшитай», дедим ва бунинг натижаси ўлароқ, Тоғай ака фақат Паркентга қандай боришни сўраганлар. На кино, на учрашув, на муҳаббат изҳори бўлган. Тақдир экан, шу билан тўйимиз бўлиб кетган.
Ҳаётда равон яшаб кетиш осонмас, ҳамма оилада ҳам муаммолар бўлиши турган гап. Иккаламиз ҳам ижодкормасмизми, бир-биримизни тушунар эдик. Мен у кишини қандай бўлса, шундай қабул қилдим: инжиқлигию, болаларча самимийлигини... Назаримда Тоғай ака ҳамиша ҳаётимда бор, ёнимда яшайди.
– Қизиқ, умуман танимаган, билмаган киши билан қандай қилиб келишиб, яшаб кетгансиз?
– Улар катта ёзувчи эдилар, дастлаб асарларини ўқиган эдиму, ўзларини кўрмаган эдим. Чунки кўп адабий тадбирларда кўринмас, фақат ижод қилардилар. У киши қалбан адабиёт учун яратилган одам эди. Тоғай ака бир сўзли, бир қарашда баджаҳл кўринар, ниҳоятда ориятли одам эдилар. Мабодо суҳбатлашсангиз, унинг самимий, соддадиллиги, болатабиатлилигини сезардингиз.
Фикримча, иккаламизнинг адабиётга қарашларимиз, интилишларимиз бирлиги учун келишиб кета олганмиз. Суҳбатларимизнинг негизий асоси қарашлар, мавзулар бирлиги эди. Тоғай ака руҳи суйган одамнигина кўнглига қабул қилар, киришиб кетарди. Адиб худди ёш кетишини билгандай, вақтини ғоят бебаҳо неъмат каби авайлаб сарфларди. Бозор-ўчар зиммасида эди, албатта. Бозордан харажат қилсалар, ҳамма маҳсулотнинг энг каттаси яхши бўлади, деб ўйлаб, катта-катта пиёз, помидор ҳам майли, бодрингнинг ҳам энг катталарини териб олиб келардилар. Агар бозорликни кўриб, хурсанд бўлиб, кўнглини кўтарадиган гапларни айтмасам ёки камчилигини айтсам борми, барини деразадан бир-бир отарди. Бир куни қайнонам ўғилларининг бозор қилганларидан хабар топиб, «Вой, менинг улим бозорга бораяптими?» – дегандилар ҳам ҳайратланиб, ҳам хурсанд бўлиб. Чунки она тўққиз фарзанди орасида атиги иккитаси ёруғ дунёда қолганидан, ҳам ёлғиз ўғил бўлганидан ўғилларини эрка ўстирган эдилар.
– Адибнинг фақат ўзигагина хос, ҳеч кимга ўхшамаган фазилатлари ҳақида тўхталсангиз.
– Мард, танти ва оққўнгил инсон... Эрта тонгда соат 5.00 да туриб, югуришга чиқиб кетардилар. Қайноқ сутга солиб қўйилган бодом ва бир пиёла сут у кишининг нонуштаси эди. Кўп емас, кўп демас ва кўп кулмас эдилар. Муросасоз эмасди: ёмон кўрганини ҳам шу заҳоти билдирар, мунофиқлик, иккиюзламачиликни кўргани кўзи йўқ эди. Самимиятни қадрлар эдилар. Агар яхши асар яратилса, ҳатто душманининг ютуғи бўлса ҳам дарҳол эътироф этарди. Спортни севар, сузишга борар, ёш йигитлигида анҳорда моржлар гуруҳи билан қалин қор, музда сузар эканлар. Жаҳонга машҳур теран фильмларни қолдирмай кўрарди. Биз Милош Форман, Сержо Леоне каби дунёга машҳур режиссёрларнинг «Амадей», «Кунлардан бир куни Америкада» сингари фильмларини қайта-қайта томоша қилганмиз.
– Ишдан кечиккан пайтларингиз ош-овқатга ёрдамлашармидилар?
– Овқат қилишни умуман билмасалар, қандай қилиб қарашсинлар? Наздимда, чой дамласа, тагига олдиради, деган тоифага кирардилар.
– Маъсума опа, адиб билан бир-бирингизнинг ижод намуналарингизнинг илк ўқувчиси бўлгансиз. Адибнинг ижодингиз, асарларингиз, ҳикояларингизга муносабати қандай эди?
– Ижодкорлигимни жуда қадрлар эдилар. Мен уларнинг кўнглини олиш учун турли-туман пишириқлар пиширсам, ундан кўра иккита ҳикоя ёзсанг одамларга қолади-ку, дер эдилар. Жуда тўғри айтган эканлар. Менинг «Тожи опанинг тугуни» номли ҳикоямни ўқиганларида, бу ҳикояда инсон фожиаси акс этибди, деб мақтаганлари эсимда. Эллик ёшга киришим арафасида ҳикояларимни ўзлари саралаб, «Ҳикоялар» деб ном кўйиб берганлар. Ўша пайтлари китоб чиқариш мушкул эди... 2012 йили олтмиш йиллигимга ҳамда Тоғай аканинг хотирасига бағишлаб чиқарган китобимни «Ҳикоялар» деб атадим. Адибнинг янги асарларини мен биринчи бўлиб ўқирдим, албатта. Ўқиб бўлгач, фикрларимни сўрардилар. Қўлёзмани ўқиб, бирор хато тополмасам, балога қолардим. Илк бор «Отамдан қолган далалар» романини ўқиб, ҳайратдан, ҳаяжондан неча кунгача ўзимга келолмаганман. Асарни мақтаганимда, «Мен сенга мақтов эшитиш учун ўқитмадим, тўғрисини айт. Бирор хато тополмасанг, нашриётда нима қилиб ишлаб юрибсан муҳаррир бўлиб?» – деганди жаҳллари чиққанидан тутақиб. «Хато тополмасам нима қилай?» – деганман ўшанда. Мабодо асардаги хато-камчиликларини айтсам, дарров тўғрилаб қўярдилар. Ҳозир ўйласам, жуда тўғри қилган эканлар, ахир бегона одамдан асар камчилигини эшитиш нечоғли оғир! Танқид ўринли бўлса, тўғри қабул қилардилар. Асарининг мукаммаллигига ишончлари комил бўлса, бировнинг танқиду мақтовини ўқиб ҳам ўтирмасдилар.
– Ёзувчи асарларининг саҳналаштирилишига қандай фикрда эдилар? Улардан кўнгиллари тўлганмиди?
– Тоғай ака асарлари саҳналаштирилишига қарши эдилар. Бу ёзувчининг ўзига хос табиати, ўз асарларини бошқа жанрда кўришни қабул қила олмаслик руҳий ҳолатидан келиб чиқади, шекилли. Ахир асарингизни режиссёр ўзича талқин қилади, сизнинг хаёлотингиз яратган образни бошқа бир ижодкор ўзгача кўради. Лекин шундай бўлса-да, барибир Олимжон Салимовга «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» асарини саҳналаштиришга рухсат берганлар. Шуҳрат Аббосов «Отамдан қолган далалар» романини кино қилганлар. «Мен романни экран учун ё театр учун яратмадим. Мен романни ўзбек адабиётини бойитиш учун яратдим. Шу боис, асарларимнинг экран ё театрга қўйилишини жуда ёмон кўраман», деган бир интерьвюсида.
– Тоғай Мурод асарларини қайта нашр қилдириш, тўплам сифатида мухлисларига етказиш, турли тилларга таржима қилиб, жаҳон адабиёти дурдонасига айлантириш режангиз борми?
– Адибнинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи француз тилида нашрдан чиқди (Жаҳонгир Санақулов таржима қилган, 2016 йилда). «От кишнаган оқшом» (таржимонлар Вадим Муродхонов ва Герман Власов, «Дружба народов» журнали, 2016) ва «Ойдинда юрган одамлар» (таржимон Суҳбат Афлотуний, «Звезда» журнали, 2015) «Тарлан» (повести, 2016) китобхонларга тақдим этилди. Ҳозирда ёзувчи асарларини бошқа тилларга ўгириш жараёни давом этмоқда. Истагим – унинг гўзал ва бетакрор асарлари тили, шираси, колорити бошқа тилларда ҳам сақланиб қолса, бизнинг мард, жасур халқимиз тимсоллари ўзга элларда ҳам бор бўйича намоён бўлса...
– Маъсума опа, ўзбекнинг полвон, чавандоз ўғли, юрти учун жонфидо, куюнчак фарзанди, қалами ўткир адиби Тоғай Муроднинг қисқа, аммо шарафли ҳаёт йўли ҳақидаги сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур. Ёзувчи бор-йўғи эллик беш йил умр кўрган бўлса ҳам ўзидан умрбоқий, мангуликка дахлдор асарлар қолдирди. Тоғай Мурод номи порлаб тураверсин.
Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди.
(«Adolat» газетасидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter