Фуқароларни обрўсизлантирувчи материалларни тарқатиб келган гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан Telegram мессенжерида «Hello Tashkent, ...» номли канал ва гуруҳлар ташкил қилиб унга фуқароларнинг фото-видеоларини жойлаштирган ва уларни ўчириш эвазига пул талаб қилиб келган гуруҳ аниқланди.
Қайд этилишича, улар мазкур гуруҳ ва каналларга қизлар ва аёлларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видео ва фото материалларни жойлаштириб, уларни ўчириш учун пул талаб қилган.
Дастлаб, гуруҳ аъзолари очиқ гуруҳларда тасвирларни жойлаб, қизиқувчиларни VIP-чатга таклиф қилган. VIP-чатга аъзо бўлиш эса 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача этиб белгиланган.
Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган техник ва тезкор-қидирув ишлари натижасида ушбу фаолият билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди.
ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда мазкур жиноий гуруҳга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўриляпти.
Вазирлик юқоридаги гуруҳ ва каналлардан жабрланган фуқаролар 102 ёки +998 99 117 60 87 рақамига хабар беришларини сўрамоқда. Маълумот берган фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланишини қайд этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter