Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция араз қилмоқда

Франция араз қилмоқда

Фото: «Gorodovoy.ru»

Кутилмаганда АҚШ, Буюк Британия ва Австралия Францияни хафа қилиб қўйди. Австралия бош вазири Скотт Маррисоннинг 2016 йилда Австралия ва Франция ўртасида дизель сув ости кемаларини қуриш тўғрисидаги битимни бекор қилиш мамлакат манфаатларига жавоб беришини эълон қилиши ишни янада оловлантириб юборди. Гап оз эмас, 66 миллиард долларлик шартнома ҳақида кетмоқда.

«Албатта, шартноманинг иккинчи томони ҳафсаласи пир бўлганини ва жуда ғазаби қўзиётганини яхши тушунаман. Аммо, энг аввало, Австралия манфаатидир. Бизнинг манфаатимизга эса уч томонлама шериклик кўпроқ жавоб беради. Мен буни Президент Байден ва Бош вазири Жонсон билан шакллантира олишим мумкин», дея интервью берди «SBS» телеканалига.

Моррисоннинг урғу беришича, у Франциянинг Naval Group кема қуриш компаниясига буюртма қилинган кемалар ҳар доим ҳам Австралия суверен манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарлича бўлмаслиги ҳақида хавфни сезиб юрган.

Австралия, Қўшма Штатлар ва Буюк Британия 15 сентябрда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида «AUKUS» уч томонлама шериклигини тузишини эълон қилди. Охирги бир ярим йил давомида бу уч давлат Австралияга энг илғор технологияларни, жумладан, атом сув ости кемаларини тақдим этиш бўйича музокаралар олиб борган.

«АҚШ ва Британияда кемалар яқин келгусида сотиб олинади, Улар Аделаидада қурилади», дея таъкидлади Австралия мудофаа вазирлиги раҳбари Питер Даттон

Франция ўз эътирозини билдириш учун АҚШ ва Австралиядан элчиларини чақириб олди. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг билдиришича, «бу инқироз НАТОнинг янги стратегик концепциясини белгилашига кучли таъсир кўрсатади. Аммо бу Парижнинг НАТОдан чиқиб кетишини англатмайди. Бу орқадан пичоқ уриш ва ишончга дарс кетишидир».

Россия томони бу каби салбий хатти-ҳаракатлар альянс ичида ёрилиш пайдо бўлаётгани ҳақида баралла бонг урмоқда.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Европа давлатлари ҳарбий соҳада АҚШга ортиқ суянмасдан, ўзларининг мустақил ҳарбий блокини яратишни тезлаштириши кераклигига урғу бермоқда. Афғонистондаги вазият ҳам бу режани жадаллаштиришга ундаган муҳим омил бўлгани қайд этилди.

Франциянинг Европарламентдаги депутати Тьерри Мариани «Австралиянинг келишувни бузиши, АҚШнинг Францияни иккин даражали давлат сифатида кўришини яна бир бор тасдиқлади. Биз АҚШнинг фақат ўзини ўйлашини гувоҳи бўлаяпмиз ва шу сабабли Европа Иттифоқи Вашингтондан мустақил сиёсат олиб бориши шарт», дея YouTube-каналида баёнот берди.

Шу кунларда Швейцария ҳам Франциянинг «Dassault» авиаконцерни қирувчи самолётларини сотиб олишдан воз кечди ва уларнинг ўрнига АҚШ учоқларини олишини билдирди. Президент Эммануэль Макронга бу қаттиқ зарба бўлди ва унинг вакиллари ОАҚда яқин ойларда Женевага режалаштираётган ташрифи бекор қилинганини эълон қилди.

Дилдора Шомуродова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг