Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Фотосаёҳат. Ўзбекистонда зумрад кўл борлигини биласизми?

Фотосаёҳат. Ўзбекистонда зумрад кўл борлигини биласизми?

Фото: «Xabar.uz»

Шаҳарлар ҳашамга қанчалар бурканмасин, инсон доимо табиат қўйнига шошади. Эҳтимол, инсоннинг беқарор руҳияти зарур таскинни, илҳомни ёки қувватни мудом ҳаракатда бўлган табиат бағридан олса керак. Шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Хумсон қишлоғи ҳар қачонгидан гавжум бўлади.

Хумсонга сафаримиздан фойдаланиб, ҳамроҳлар билан машҳур Ўрунгоч кўллари сари йўлга отландик.

Тошкент шаҳридан 160 чақирим узоқликда жойлашган Ўрунгоч (маҳаллий аҳолининг изоҳлашича, «ёрқин зумрад тош») кўллари Угам-Чотқол миллий парки ҳудудида жойлашган ва Ўрунгоч сойи ирмоқларидан ҳосил бўлган.

Бу кўлга қандай борилади?

Чирчиқ дарёсининг бошланишида қурилган Чорвоқ сув омборига етиб боргач, Нанай қишлоғига олиб борадиган йўлга тушиб олдик. 15 чақиримча юргач, Қорабулоқ постига етиб келдик. Маълум бўлишича, мазкур постдан ўтиш учун Сижжак қишлоғида жойлашган ички ишлар бўлинмасидан рухсат талаб қилинар экан. Рухсатнома олиш учун Сижжакка қайтдик. Рухсатнома бланкаси Ғазалкентдан етиб келишини кутишга тўғри келди. Қисқа фурсат ичида мазкур бўлинмада катта навбат юзага келди.

Рухсатнома фуқаролик паспорти билан берилади. Агар фарзандларингиз билан бирга бормоқчи бўлсангиз, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини олишни ёддан чиқарманг. Ҳозирча хорижий фуқароларга постдан ўтишга рухсат берилмас экан.

Маслаҳат: Қорабулоққа бориб, рухсатнома учун яна ортга қайтиб овора бўлмаслик учун аввал Сижжакдаги мазкур милиция пунктига кириб ўтинг.

Бизгача ўша куни 125 кишига рухсатнома берилган экан. Ҳужжат қўлга теккач саргузашт илинжида йўлимизда давом этдик. Табиат гўзаллиги инсон баҳри дилини очади.

Аммо таъбингизни хира қиладиган ҳолатларга ҳам дуч келасиз. Қуйидаги суратнинг ўзиёқ одамлар тоққа нима мақсадда келишларига ойдинлик киритади.

Ҳар қанча уринманг, бу яқин атрофда бундай идишларни топа олмайсиз.

Аммо санъаткорона гўзаллик сизни яна тезда чалғитади. Бекорга гулларни «табиатнинг табассуми» дейишмайди.

Қорабулоқ постида рухсатнома ва фуқаролик паспортини назоратдан ўтказиш керак бўлади.

Ичкарилаган сайин табиат янада мафтункор бўла бошлайди. Тоғлар виқори қалбга кўчиб, фахр ҳиссини туя бошлайсиз.

Испай, Майдонтол, Такаянғоқ, Чақмоқлисой, Тепар каби қишлоқларда ўзбек, тожик, қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз аҳил-иноқ яшашади. Аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Шунингдек, тоғ ён-бағирлари бўйлаб гуркираб ўсган ёнғоқ ҳам бу ерликларнинг ризқ-насибаси. Ҳақиқий тоғ асалини шу ердан топса бўлади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қишлоқлардаги электр энергияси тақчиллигини кичик ГЭСлар қуриш орқали ҳал этиш ҳақидаги таклифига электростанция қурилаётганлиги аҳолини жуда қувонтирди.

Қишлоқлар ортда қолгач, қачонлардир асфалт ётқизилган йўллар тугайди.

Маслаҳат: имкон қадар бу ерга кузови юқорироқ бўлган транспортда келган маъқул. Шунингдек, йўл-йўлакай маҳаллий аҳоли қолдирган телефон номерларига кўзингиз тушади. Улар «Нива», «Жигули» ёки «Уазик»ларида сизни манзилгача олиб бориб, олиб келиб қўядилар. Аммо автомобилни бу кимсасиз жойларда қолдириб кетишга ҳар кимнинг ҳам ҳадди сиғмайди.

Шунингдек, Ғазалкентдаги автобекатдан тўғридан-тўғри Ўрунгоч кўлига қатнайдиган таксиларни топиш ҳам мумкин. Бунинг учун бекатнинг «Туркистон» деб номланган қисмига келиш керак бўлади.

Кимдир сизга «Damas» автомобилида бу ерга саёҳат уюштириб беришни таклиф қилса, буни рад этинг. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатда маълум бўлишича, бу дараларда «Damas»да юриш ҳаётни гаровга қўйиш билан баробар.

Дарвоқе, олис бўлса-да, бу ерлар ҳам мобил алоқа сигналлари билан қамраб олинган.

Алоқада қолишни истаганлар «Uzmobile» ёки «Ucell» компаниялари сим-карталарини олишлари лозим.

Мана бу манзара эса бизни ўзига мафтун қилиб қўйди.

Ниҳоят, Чорвоқ сув омборидан деярли 60 чақирим узоқликда жойлашган Ўрунгоч кўлига оз қолди.

Бу ер машинада келиш мумкин бўлган сўнгги манзил. Ундан кейин тошлоқ бошланади.

Ўзига ишонганлар ярим чақиримдан бироз узоқроқ масофани яёв босиб ўтишлари мумкин.

Шунингдек, маҳаллий аҳоли бу ерда ҳам юриш мумкин бўлган оёғуловни таклиф қилишади.

Яшиллик, тоза ҳаво ҳамда ёзнинг мусаффо салқинлиги танни яйратади. Илк бор одам қадами етган манзилларда қадам ташлаётгандек бўласиз. Аммо кўлга бир қадам қолганда бу ерга сизгача ҳам одам қадами етганига ишонч ҳосил қиласиз.

Зумрад кўлнинг гўзаллиги эса барча машаққатларни унутишга мажбур қилади.

Тоғ-тош ва қоялар билан ўралган кичик кўлнинг ўртача чуқурлиги 4 метр. Ўртасида чуқурлиги 10,4 метргача етади. Денгиз сатҳидан 1227 метр баландда жойлашган кўлнинг суви шу қадар совуқки, унда на балик, на бирор ҳашорат ёки ўсимлик учрайди.

Июлнинг бошида эгизак кўлларнинг фақат кичиги кристалл тиниқлигида мавжланади. Катта кўл эса август ойининг ўрталарида тиниқлашар экан. Шу боис биз катта зумрад кўлга саёҳатимизни кейинги ойга режалаштирдик.

Якун

Ватанни севиш уни билишдан бошланади. Пурвиқор тоғлар, боғ-роғлар, дарё-сойларда кезар экансиз, қалбингиз ғурурга тўлади. Ватан бўйлаб саёҳат шуурингизни бойитади. Аслида маҳаллий туризмни ривожлантириш вазифасининг туб моҳияти ҳам ватанпарварлик билан боғлиқ.

Фотосуратлар Сарварбек Саъдуллаев билан ҳаммуаллифликда олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг