Фаластин ерларида муштумзўрлик қилган шахслар жазоланди
19 апрель куни АҚШ Исроил ишғоли остидаги Ғарбий соҳилда содир этилган зўравонликларга алоқадор ташкилот ва шахсларга қарши санкция жорий қилди. Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда яшовчи фаластинликларга нисбатан зўравонлик қилиб келаётган яҳудийларга қарши чора кўрмаётгани, билъакс уларни дастаклаётгани танқидларга сабаб бўлиб келаётган эди.
Reuters агентлиги хабарига кўра, Қўшма Штатлар «қора рўйхат»га киритган шахслар орасида «Леҳава» гуруҳининг раҳбари Бенци Гопштейн ҳам бор. Фаластинликларга қарши зўравонлик ҳаракатларида қатнашиб келадиган ушбу шахс Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир билан ҳаммаслак экани айтилади.
Тақиқ чораларига мувофиқ, яҳудий экстремистларига АҚШ виза бермайди, уларнинг маблағлари музлатилади. Қўшма Штатлар фуқароларига «қора рўйхат»даги шахслар билан тижорий алоқалар олиб бориш ман этилади.
Politico нашрининг ёзишича, АҚШ билан параллел равишда Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий соҳил ҳамда Шарқий Қуддусда инсон ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўлган икки ташкилот, жумладан, «Леҳава» гуруҳи ҳамда тўрт нафар яҳудийга санкция жорий қилди.
Бу Брюсселнинг муштумзўрлик қилиб келаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан илк жазо чорасидир.
Жорий йил февраль ойида АҚШ президенти Жо Байден Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган яҳудийларга нисбатан санкция жорий этганди.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.
Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.
Ғазо секторида қонли қирғин давом этаётган бир пайтда Ғарбий соҳилда ҳам фаластинлик оилаларга нисбатан зулм ва зўравонлик кучайгани кузатилмоқда. Масалан, жорий йил март ойида юзлаб яҳудий келгиндилари томонидан Ал-Муғайир қишлоғига уюштирилган ҳужум оқибатида бир фаластинлик ҳалок бўлди, йигирмадан зиёди жароҳатланди. Экстремистлар фаластинликларга тегишли уй ва автомобилларга ҳам ўт қўйган.
2023 йил декабрь ойида Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор этган ва Тель-Авивдан зўравонликларга чек қўйишни талаб қилган эди.
Халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамай, Тель-Авив маъмурияти Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш ва келгиндиларни кўчириш учун тобора кўпроқ маблағ ажратмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter