«Эйфелни ўз эгасига қайтаринг!» — Жазоирлик журналист шов-шувли талаб билан чиқди
Нафақат Франция, балки дунёнинг энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган масканларидан бири – Эйфель минораси борасида низо келиб чиқди.
Жазоирлик журналист Муҳаммад Аллал Lina Television телеканали эфирида Эйфель минораси унинг ватанидан ўғирланган металлдан барпо этилганини таъкидлаб, Франция уни зудлик билан қайтариши лозимлигини айтди.
Қайд этилишича, дунёга машҳур минора қурилишида айнан Жазоир ҳудудида қазиб олинган маъданлардан фойдаланилган. Журналист, шунингдек, Жазоирни босиб олгани ва мамлакат бойликларини ташиб кетгани учун Франциядан расман узр сўрашни ҳам талаб қилди.
Француз матбуоти Жазоирнинг талабини рад этган ва минорани тиклаш учун истифода этилган темир Лотарингия музофотидан келтирилганини маълум қилган.
Париж марказидаги Эйфель минораси фаранг ўлкаси рамзига айланган меъморий иншоот саналади. Минора 300 нафар қурувчи томонидан рекорд даражада қисқа муддатда – 2 йил 2 ой ва 5 кун давомида (1887 йил 28 январдан 1889 йил 31 мартга қадар) барпо этилган. Миноранинг металл конструкцияси вазни 7300, умумий оғирлиги эса 10100 тоннадан зиёдни ташкил этади. Иншоотнинг бош конструктори Гюстав Эйфель дастлаб ўз ижодий маҳсулини шунчаки «300 метрли минора» деб атаган. Кейинроқ меъморий иншоот бош конструктор шарафига Эйфель деб номланган.
1889 йили Парижда уюштирилган Бутунжаҳон кўргазмаси учун муваққат иншоот ўлароқ қурилган минора кейинроқ бузиб ташланиши кўзда тутилган эди. Миноранинг тарҳи ва меъморий ечими XIX аср француз зиёлиларининг кескин танқидига учраган. Улар металл қурилма Парижнинг асрлар давомида шаклланган латиф меъморий услубини қўпол равишда бузади деб ҳисоблаганлар. Бир гуруҳ адиб ва рассомлар минора қурилишини тўхтатишни талаб қилиб пойтахт ҳокимлигига мактуб ҳам йўллаган. Аммо темир минора кутилмаганда шуҳрат ва эътироф қозонган. Дастлабки олти ойнинг ўзида Эйфелни томоша қилиш учун 2 миллиондан ошиқ сайёҳ ташриф буюрган. Қурилиш харажатлари ҳам бир неча йил ичида қопланган. Шу тариқа пойтахт маъмурияти минорани бузиб ташлаш фикридан қайтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter