Европа инвестиция банки Ўзбекистонга илк кредитларни ажратади

Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) муҳим аҳамиятга эга бўлган иккита кредит шартномаси имзолаши орқали ўзаро муносабатларида янги саҳифа очди ва бу ҳамкорлик мамлакат учун ҳам атроф-муҳит ҳам учун бирдек фойдали бўлади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Европа Иттифоқи делегацияси матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи 100 миллион евролик кредит сув ва оқава сув лойиҳаларини молиялашга мўлжалланган бўлиб, у Европа Иттифоқи раҳнамолигидаги Иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар ва Атроф-муҳит дастури доирасида амалга оширилади. Лойиҳалар Ўзбекистонга кўп жиҳатдан ташқи сув заҳираларига боғлиқлик ва жойларда ичимлик суви заҳиралари етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмак беради. Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган сувнинг яқин 80 фоизи қўшни мамлакатлардан келади.
Иккинчи 100 миллион евролик қарз кредит линияси сифатида режаланган бўлиб, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналар, ўрта ҳамда хусусий сектор компанияларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган инвестицияларни ўзлаштиришда кўмак беради. ЕИБ маблағи ўзбек ҳукуматининг мамлакатда энергия истеъмоли даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга камайтириш режасини амалга оширишга ёрдам беради ва бу борада саноат секторида жуда кўп ўзгаришлар қилиш имконияти мавжуд.
Вазил Худак, Марказий Осиё учун масъул ЕИБ вице-президенти шундай изоҳ берди: «ЕИБ Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганига бир йил тўлганида мамлакат тарихида илк бор ЕИБ кредит шартномалари имзоланганидан жудаям хурсандмиз. Улар мамлакат иқтисодига кўмак беради ва айни пайтда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этишга ҳисса қўшади. Мазкур икки кредит сув инфратузилмасини модернизация қилиш, тежамкор ҳамда экологик безарар техонологияларни қўллашга ўтишда кўмак беради. Энергияни кўп истеъмол қиладиган саноатга экологик безарар инвестициялар киритиш орқали ЕИ банки барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, тоза энергия ҳамда иқлим ўзгаришига қарши кураш ишларига ҳисса қўшмоқда.»
Биз ЕИБнинг Ўзбекистондаги жараёнларда иштирок эта бошлаганини қутлаймиз. Сув ва энергия секторларидаги дастлабки икки ҳужжатни имзолаш орқали биз Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасидаги битимда кўзланган ҳамкорлигимизни янги даражага кўтаряпмиз. Биз ЕИБнинг Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган жуда муҳим ижтимоий инфратузилма лойиҳалари, яшил энергия тарғиботи ва энергия самарадорлиги юқори бўлган технологияларни ривожлантиришда кўрсатадиган ёрдамини қадрлаймиз.
Суҳроб Холмуродов,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари,
Давлат инвестиция қўмитаси раиси
Ҳар икки лойиҳа Жаҳон Банки билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда ҳамда Марказий Осиё учун Инвестициялар Жамғармаси томонидан техник ёрдам берилиши кутилмоқда. Мазкур жамғарма Европа Комиссияси томонидан бошқарилади ва Марказий Осиё давлатларида инклюзив ва барқарор ўсишни қўлловчи устивор инвестицияларни бошқаришда ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter