Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«ERP маданият» тизими: рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш соддалаштирилади

«ERP маданият» тизими: рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш соддалаштирилади

фото: madaniyat.uz

Бугун Маданият вазирлигида соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан «Маданият ва санъат соҳасида ахборот технологияларини ривожлантириш ва бошқарувни рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш» мақсадида «ERP маданият» ягона бошқарув тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича 2024–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Ушбу тизим доирасида жами 26 та ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва улар асосида 12 та янги электрон давлат хизмати жорий этилиши, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида эса қуйидаги 5 та мобил илова яратилиши режалаштирилган:


Имконияти чекланган шахслар учун «Audiobook» платформаси мобил иловаси;

Аҳоли учун фойдали ва қизиқарли маълумотларни тақдим этувчи мобил илова;

Электрон кундалик мобил иловаси;

«Миллий медиа платформа» мобил иловаси;

Маданият вазирлиги ва тизим ташкилотлари ходимлари учун функционал илова.

«ERP маданият» тизими жорий этилиши натижасида 34 минг нафардан ортиқ соҳа ходимлари ҳамда эркин ижодкорлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Ушбу рақамли тизимларни жорий этиш орқали маданият ва санъат соҳасига ажратилаётган давлат бюджети маблағларининг 20 фоизгача иқтисод қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, Ички аудит ва молиявий назорат бўлими таҳлилларига кўра, йилига ўртача 19 миллиард сўмгача маблағларнинг нотўғри сарфланишининг олди олинади.

Маълумот учун, мазкур тизим Рақамли технологиялар вазирлигининг «Марказлашган интеграцион платформаси» орқали 33 та вазирлик ва идораларнинг 128 турдаги рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади.

Аввал яратилган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари ҳам «ERP маданият» ягона бошқарув тизими доирасида бирлаштирилади.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг