Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркак боғча мудирини кўрганмисиз? Ангренда шунақаси бор

Эркак боғча мудирини кўрганмисиз? Ангренда шунақаси бор

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти ОАВ вакиллари ва соҳанинг етакчи ходимлари иштирокида Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида пресс-тур уюштиришди. Тадбир таълимдаги инновацион жараёнларни ўрганиш, ҳудудда ишлаётган устозлар ва болажонлар билан бевосита суҳбатлашишдан ташқари бу баҳаво шаҳар билан танишиш имконияти берди.

Янгиликлар, ҳайратда қолдирган фактлар эса талайгина. Масалан, Ангренда таълим тўлиқ тожик тилида олиб бориладиган иккита мактаб бор экан. «Бир чеккадаги кичикроқ мактаблардирда» дерсиз. Адашдингиз. 17-мактаб директори Зебо Маҳкамованинг маълум қилишича, бу масканда 1,5 мингга яқин ўқувчилар таҳсил олишаркан. Мактабнинг умумий ҳолати, ҳунар ўрганаётган болаларга шароитлар, таълим жараёнидаги жонкуярлик ҳавас қиларли.

14-сонли мактабгача таълим муассасасига кириб, ҳаммамиз жилмайиб қолдик. Оддий тилда айтганда боғчанинг мудири эркак киши, соҳанинг ҳақиқий фидойиси Шуҳрат ака Бобожонов экан. Пайтдан фойдаланиб, кўплаб китоблар, илмий мақолалар ва таржималар муаллифи бўлган раҳбар билан қисқа суҳбат қилиб олдик.

– Шуҳрат ака, ҳаммани бир савол қизиқтирса керак. Асосан аёллар фаолият юритадиган бу лавозимга қандай келиб қолгансиз?

– Алам ва қарздорлик ҳисси ортидан. Ишонинг, айнан шундай. Мен 1996-2000 йилларда Хўжанд давлат университетида ўқиганман ва дипломим билан қайтиб, она шаҳрим Ангренда иш бошлаганман. Анча вақт болаларга сабоқ бердим, шогирдлар етиштирдим.

Аммо ўша давр талаблари шундай эдики, менинг дипломим нострификация қилинмади, содда тилда айтганда ўтмай қолди. Соҳамни яхши кўрардим, лекин мактабдан алам билан кетишга мажбур бўлдим.

Лекин маҳалла аҳли, шогирдларим қўллаб қувватлашди. 2014 йилда беш нафар фарзандни ташлаб, Самарқанд давлат университетига ўқишга кирдим ва битириб қайтдим. Қайтганимдан кейин шу боғчани обод қилиш таклифи тушди.

– Хўш, натижалар қандай?

– Кўнгилдагидек. Ўзи боғчамиз 320 ўринли, лекин болалар қамрови 500 кишига етди. Чунки турли тўгараклар, мажбурий таълим бўлими фаолиятини ҳам йўлга қўйдик. Жамоамиз билан тиришиб-тирмашиб, ҳомийлар кўмагида муассасамизни тўлиқ таъмирдан чиқардик, иситиш тизимларини янгиладик. Ўзим ва шогирдларим ҳисобидан мажбурий ва қисқа муддатли гуруҳларга қўшимча бино қурдик. Қурилишларда қатнашавериб уста ҳам бўлиб кетдим. Келажакда боғчамизга катта кутубхона қуриш ниятидаман.

Кўпчилик ўйлаши мумкин, атрофда бошқа боғчалар йўқлиги учун бу ерда бола кўпдирда, деб. Йўқ, ҳудуднинг ўзида ўн битта мактабгача таълим муассасалари фаолият юритяпти. Улар орасида хусусий боғчалар ҳам бор. Лекин шукр, бизнинг боғчамизга болалар эрталаб йиғламай, кулиб кириб келишади.

– Очиғини айтинг, эркак кишига бу иш қийин эмасми?

– Хоҳлардимки, соҳамизга кўпроқ эркаклар кириб келишса. Чунки боғча ҳам катта хўжалик, унда албатта эркак кишини қўлига, бошқарувига эҳтиёж бор. Қийин жиҳатлари ҳам бор албатта, вақти келса уйимизда битта хотинимиз билан тил-топишимиз қийин бўлиб қолади. Ишхонамда 73 нафар ходимлар фаолият юритишади ва уларнинг мутлақ кўпчилиги аёл-қизлар.

Ходимларнинг ҳар бирини онамдек, опамдек ва синглимдек кўраман ва ҳамжиҳатликда яхши натижаларга эришяпмиз. Яна бир факт – тўрт йил олдин боғчамизда фақат мен олий маълумотли эдим. Бугунги кунда боғчамиздаги педагог ёшларимизнинг 100 фоиз ОТМдан ўқишяпти.

14-МТМни кезиб чиқдик. Ҳаммаёқ озода, тизимлар тўла ишлаб турибди. Бу кимнингдир келишига вақтинча тайёрлаб қўйилмаганига ҳам ишонч ҳосил қилдик. Кўрганларимизни оддий ходимлар, ота-оналар ва болажонларнинг ўзлари тасдиқлашди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг