«Эркаги йўқ уйга бегона эркак кирмайди» ёки озарбайжонлик журналист таассуротлари
Ашраф деган озарбойжонлик бир дўстим бор эди. Озарбойжоннинг «Адабиёт ва инжа санъат» газетасида ишлар, ёзувчи, рассом эди. Аксарият озарбойжонлар каби сўзга чечан, мағрур, аммо кўнгли очиқ, дилкаш, суҳбати ширин инсон эди. У билан танишишимиз қизиқ бўлган.
Мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ишлардим. Таҳририят у пайтда ҳозир ЎзА жойлашган 17 қаватли бинода эди. Пастдан эшик оғаси қўнғироқ қилиб, сизларга Озарбойжондан меҳмон келибди, деди. Меҳмон бўлса, киритинг, дедим.
Бир оздан сўнг ўрта бўйли, қорача йигит кириб келди. Салом-алик қилдик, танишдик. Негадир унинг шашти паст, ҳатто бир оз тушкун кайфиятда эди. Мақсадини айтди. У вақтларда (80-йиллар) ҳозирги Бектемир тумани шаҳарга қарамас, Тошкент вилоятининг бир қўрғони бўлиб, Наримонов номида эди (Наримон Наримонов давлат арбоби, ёзувчи ва публицист бўлган). Ашраф (меҳмон) шу Наримонов шаҳарчаси ҳақида газетасига материал тайёрлаш учун келган экан. Уч кундан бери шу иш билан юрибман, деди. Командировкангиз қачонгача, деб сўрадим. Ҳали тўрт-беш кун бор, аммо ишим тезроқ битса кетардим, деди. Билдимки, нимадандир норози. Ёзувчилар уюшмасига учраган экан, Дўрмондаги ижод уйидан жой беришибди. У ердан шаҳарга келиш, Наримоновга бориш осон эмас эди у вақтларда. Бунинг устига машина йўқ, жамоат транспортида у ёқдан-бу ёққа юришнинг ўзи бўладими? Шундан бир оз ранжиган экан чамамда.
Мен унинг кўнглини кўтардим. Хафа бўлманг, Ашраф, ҳаммаси яхши бўлади, биз ёрдам берамиз, дедим.
Ишдан кейин уни уйга олиб кетдим. Энди Дўрмонга қатнамайсиз, кетгунингизча бизникида турасиз. Уйимиз тор бўлса ҳам кўнглимиз кенг, дедим кулиб. Қандайдир ноқулай, деди. Хижолат бўлманг. Эрталаб бирга чиқамиз уйдан, сизга одам қўшиб бераман, иложи борича машина ҳам топиб бераман. Наримоновга борасиз, ишларингизни қиласиз, кечқурун бирга қайтамиз уйга. Материаллар, суратлар бўйича ҳам ёрдам берамиз. Ишингиз битганидан сўнг ўзим кузатиб қўяман аэропортга, дедим.
Шундай қилиб, Ашраф тўрт-беш кун бизникида турди.
Бир куни Ашраф таҳририятга келмади. Иш вақти тугаяпти ҳамки ундан дарак йўқ. Нима бўлди экан, деб хавотир ола бошладим. Шу маҳал телефон жиринглади. Олсам уйдан қўнғироқ бўляпти. Озарбойжон дўстингиз келди, аммо сизнинг уйда эмаслигингизни билгач, кирмади, пастда скамейкада ўтирибди. Шунча киринг десам ҳам кирмади, деди хотиним.
Мен ишимни апил-тапил йиғиштириб, йўлга тушдим. Борсам Ашраф йўлагимиз олдидаги скамейкада сигерета чекиб ўтирипти. Нега уйга кирмадингиз, десам, эркаги йўқ уйга бегона эркакнинг кириши мумкин эмас, дейди.
Офарин! Қойил қолдим. Мана одоб, мана фаросат!..
Ашраф газетаси учун материаллар, суратлар тўплади. Унга имкон даражасида ёрдам бердик.
Аэропортга кузатиб чиқдим. Самолётга чиқишдан олдин суҳбатлашиб турганимизда у менга:
– Агар сени (биз тўрт-беш кунда бир-биримизни сенсираб гаплашадиган бўлдик) учратмаганимда ўзбеклар ҳақида, Ўзбекистон ҳақида бошқача фикрда кетардим. Бу сафарим Ўзбекистонга биринчиси ва охиргиси бўларди, – деди.
Ҳар куни ишдан келгач, уйда Ашраф билан узоқ суҳбатлашардик. Туркий халқларнинг бой тарихи, дунё воқеалари ҳам, адабиёт ва санъат, хуллас, гаплашмаган мавзумиз қолмасди. Кўплаб озарбойжонлар сингари Ашраф ҳам анчагина сергап эди. Шу суҳбатлар орасида Тошкентга келиб кимга учрашгани, у қандай кутиб олгани, Дўрмонга қатнагани ҳақида бироз ранжиганнамо гапирган эди.
– Менга қара, Ашраф, – дедим унинг елкасига қўлимни ташлаб. – Аввало, мен ҳақимда айтган яхши гапларинг учун раҳмат. Лекин мен бу фикрингга қўшилмайман. Сабаби – битта-иккита одамни деб бутун миллат, халқ ҳақида бундай дейиш нотўғри. Бунақа бефаросат одамлар ҳамма жойда, ҳамма миллатда бор, афсуски, кам эмас. Сен ижодкор одамсан, хулоса чиқаришга шошилма.
Ашраф кулди.
Бокуга учадиган йўловчиларни самолётга чиқиш таклиф этилди.
– Бўпти, – деди Ашраф хуш кайфиятда. – Сени тушундим. Барчаси учун сенга чўх ташаккур. Яна келаман Тошкентга, албатта келаман. Аммо аввал сен борасан Бокуга.
Қучоқлашиб хайрлашдик.
Ашраф бир неча марта Тошкентга келди, мен Бокуга бордим. Ижодий дўстлигимиз оилавий дўстликка айланди.
Маматқул Ҳазратқулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter