Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш жамият учун ҳам, истеъмолчи учун ҳам хавфли

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш жамият учун ҳам, истеъмолчи учун ҳам хавфли

Электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш, электр ҳисоблагичларни «айланиб ўтиш», ҳисоблагичлар ишига таъсир кўрсатувчи воситалардан фойдаланиш, истеъмол қилинган электр энергияси тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштириш – энергетикларимиз бундай ноқонуний ҳолатларга жуда кўп дуч келадилар. Афсуски, энергия ресурсларини ўғирлаш ҳамон жиддий муаммолигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил 7 февралидан до 9 сентябргача қонун бузиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган рейд тадбирларида:

– энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 658 та жиноят ва 29 163 та маъмурий ишлар қўзғатилган;
– жиноят ишлари доирасида 158 миллиард сўм моддий зарар тергов даврида ундирилган.

Бухорода бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Давлат раҳбари таъкидлаганидек, энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ қўлга олингани йўқ. Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 290 миллион кубометр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган. Масалан, Пискентда 3 та «метан заправка» ҳисоблагични бузиб, 8 миллиард сўмлик 8 миллион кубометр газни ўғирлаган.

Ёки, Навоий вилоятида биргина хусусий фирма «крипто-майнинг» билан шуғулланиб, 15 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Республика бўйича бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Ушбу жуда кўп миқдордаги ўғирликлар бир-икки кун ичида бўлиб қолмайди. Бунинг учун бир неча ҳафта ёки ойлар керак. Ҳақли савол туғилади: хўш, қачонгача бундай ўғриликлар нореал қарздорлик сифатида аҳолининг бўйнига ўтказиб қўйилиши керак?

Уй хўжаликларида электр энергиясини ўғирлаш ҳам кўп учраб туради. Бу бир қарашда тайёр фойда бўлиб кўринса-да, «ўғри» учун у охир-оқибат жуда қимматга тушади. Яширинча тармоққа уланиб олган шахс 100 минг сўм, 200 минг сўм тежаб қолар, аммо бу ҳолат фош бўлгач, жуда катта миқдорда жарима тўлашига ёки жиноий жавобгарликка тортилишига тўғри келади (Маъмурий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача жарима, қарийиб 5 млн. сўм; Жиноий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача жарима, қарийиб 165 млн., 3 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш). Ҳуқуқбузарлик оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказилган тақдирда эса, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Хулоса Шуни таъкидлаш керакки, энергетика ва назорат ташкилотлари ҳозир анча такомиллашган технологиялардан фойдаланмоқда. АСКУЭ ва АСКУГ тизимларининг ишга туширилиши, замонавий ва мураккаб воситаларнинг жорий этилиши ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имкониятини ошириб юборди. Бошқача айтганда, электр ёки газдан ўғринча фойдаланиш энди аввалгидек осон эмас.

Энг муҳими, ўғрилик миллий қадриятларимизда ҳам, муқаддас динимизда ҳам кескин қораланади. Кимдир яширинча тармоққа уландими, ҳисоблагич кўрсаткичини ноқонуний равишда буздими, демак, ўша 1 киловатт электр токи билан давлатнинг, энергетика соҳасида меҳнат қилаётган минглаб инсонларнинг ҳаққига ҳиёнат қилди. Ана шу оддий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга тушунтиришимиз шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг