Энергетика вазирлиги аҳоли орасида тарқалаётган миш-мишларга изоҳ берди
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда соатига 4,5 киловатт соатдан ортиқча электр энергияси ишлатган хонадон электр таъминотидан узилиши ҳақида тасдиқланмаган хабарлар эълон қилиняпти.
Энергетика вазирлиги мазкур хабарларга расмий тушунтириш берди.
Вазирликка кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан қабул қилинган Қоидаларнинг 63-4-бандига асосан, истеъмол қилинадиган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида маиший истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли юклама орқали чегараланиши, бунда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ва жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10 – 15 кВт қувват доирасида чеклов киритилиши кўзда тутилган.
Аҳоли орасида тарқалаётган хабарлар, яъни «чекловнинг соатига 4,5 киловатт соат учун» деган гап эса шу банднинг нотўғри талқинидир.
Вазирликнинг таъкидлашича, Ҳукумат қарори билан тасдиқланган ҳужжатда бу амалиёт истеъмол юқори бўлган жойларда қўлланилиши ва истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёниши белгиланган.
«Бироқ ҳаво ҳароратининг совуқ кунларида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу норма вақтинча бекор қилинди.
Яъни, хонадон эгаси электр энергиясидан белгиланган меъёрдан ортиқча фойдаланганда, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчириб қўйилмайди», – дейилади энергетика вазирлиги хабарида.
Ўз навбатида, истеъмолчилардан кераксиз, ортиқча электр ускуналардан имкон қадар фойдаланмаслик, электр энергиясини тежаш ва беҳуда ёниб ётган қувватларни ўчириб қўйиш сўралмоқда.
Маълумот учун, истеъмолчи соатига 15 кВт ишлатиш учун ўртача:
- 6 та музлаткич;
- ўртача 1,5 кВт қувватли 3 та кондиционер;
- 3 та электр печи ёниқ туриши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter