Энди чиқиндини олиб кетиш хизмати учун ҚҚС ҳисобланади
Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун нол даражали ставка бўйича солиқ солиниши бекор қилинади.
Мазкур тартибни жорий этилиши бўйича масъул Солиқ органи томонидан берилган тушунтиришга кўра, хизмат кўрсатувчи корхона томонидан кўрсатиладиган санитар тозалаш хизматлари қийматига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади.
Яъни, масалан амалдаги хизмат қиймати 4000 сўмни ташкил этса, ушбу қийматга нисбатан 1 апрелдан бошлаб 12 фоиз миқдорда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади ва жами хизмат қиймати 4480 сўмни ташкил этади.
Юқоридаги ўзгариш Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 891-сон Қонунига кўра амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Махсустранс ишлаб чиқариш бошқармаси» ДУК томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўлов тарифлари миқдорининг янгиланган тарифини тасдиқлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter