Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эктор Купер: «Биз Францияга қарши ўйнашимиз ва ҳатто ютишимиз мумкин эди»

Эктор Купер: «Биз Францияга қарши ўйнашимиз ва ҳатто ютишимиз мумкин эди»

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер КХДРга қарши кечадиган ўртоқлик ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Туркиядан учралган мағлубият ҳақида
Бизга қарши ўртоқлик ўйини ўтказган жамоаларга қарасак, улар анча кучли эканини кўрамиз. Албатта бу учрашувларда бошқача натижа ҳам бўлиши мумкин эди, аммо биз учун натижадан кўра муҳимроқ нарсалар бор эди. Тўғри, натижага қарасак, ютқаздик. Аммо ўйиндан олинган хулоса ва тажрибага келсак, ютдик.

Биз ҳатто Аргентина билан ўйнашимиз мумкин эди. Нимага ўйнамаслигимиз керак? Шунингдек Дидье Дешам билан ҳам алоқам жуда яхши. Шундай экан, Франция терма жамоаси билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказишимиз мумкин бўларди. Ҳатто ютишимиз ҳам мумкин эди. Нима учун ютмаслигимиз керак? Аммо биз бирор лойиҳа гапирар эканмиз, вазиятга реал қарашимиз лозим.

Албатта Туркияга ютқаздик. Бундан мухлислар мамнун эмас. Менга ҳамманинг фикри қизиқ. Бироқ футболни тушунадиган ва тушунмайдиган одамлар бор. Туркиянинг аксарият футболчилари Европада ўйнайди, аммо бу баъзиларни қизиқтирмайди. Биз учун ўртоқлик ўйинларидаги натижа муҳим эмас. Муҳими - сентябрдаги ўйинлар!

Қатарни 2:0 ютгандик, ёдингизда бўлса. Аммо ҳеч ким кўчага чиқиб байрам қилмади. Ваҳоланки Қатар кейин Осиё чемпиони бўлди. Ҳеч кимга қизиғи йўқ. Чунки бу шунчаки ўртоқлик ўйини эди. Аммо нима учун бошқа ўртоқлик ўйинларидаги натижага бу қадар аҳамият берамиз.

Туркиядан учралган мағлубиятдан фожеа ясаманг. Ҳаммаси яхши бўлади.

Ҳимоядаги тартибсизлик ҳақида
Мен бу саволга ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман. Миср терма жамоасини бошқарганимда қанча вақтдан сўнг кучли жамоа билан ўйнаганимизни биласизми? Бир йилу тўрт ойдан сўнг. Ўшанда Колумбияга қарши майдонга тушиб, 0:0 ҳисоби қайд этганмиз.

Тўғри, мен ҳимояда тартиб ўрнатамиз, деганман. Аммо ўтган ўйинда ҳимояда фақат иккита хато қилдик. Шунда ҳам стандарт вазиятда. Биз кучли жамоага қарши майдонга тушиб, иккита хатога йўл қўйдик ва гол ўтказдик. Бу нимадан далолат беради? Агар Туркиядек кучли жамоа бизга фақат стандарт вазиятдан гол урган экан, демак ижобий жиҳатлар ҳам бор. Агар кучсизроқ жамоа билан ўйнаганимизда, балки ҳаммаси мутлақо бошқача бўларди.

Туркияга қарши кечган ўйинда мағлубиятга учрасак-да, ижобий жиҳатлар бўлди. Аммо ҳозир бу ҳақда гапиришни истамайман.

Денисов, Аъзамов ва Ашурматов термага чақирилмагани ҳақида
Терма жамоага лойиқ бўлган фақат шу уч футболчи чақирилмади, деб ўйлайсизми? 33 миллион аҳоли орасидан фақат шу учаласи термага чақирилмадими? Мен бундай демаган бўлардим. Биз миллий жамоага номзод бўлган барча футболчиларни кўриб чиқдик. Ҳатто Германия чемпионати учинчи дивизионида ўйнаётган ҳимоячини ҳам кўриб чиқдик. Ва ҳозир таркибда бўлган ўйинчиларни танладик.

Балки бу менинг хатом бўлиши мумкин. Буни тан оламан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг