Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Экология вазирлигининг 4 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари раҳбарлари ишдан олинди

Экология вазирлигининг 4 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари раҳбарлари ишдан олинди

Фаолиятида сусткашликка йўл қўйганлиги, ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги, ишни лозим даражада ташкил этмаганлиги учун Нурота давлат қўриқхонаси, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи, «Судоче-Акпетки» буюртма қўриқхонаси ва Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йил 25 сентябр куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда (МЕТҲ) олиб борилаётган ишлар самарадорлиги, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтган.

Йиғилишда ҳудудлардаги масъуллар томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи қониқарли даражада эмаслиги таъкидланди. Хусусан, айрим табиат боғларининг зоналарга ажратиш ишлари якунига етказилмаганлиги, ер майдонлари айрим раҳбарларнинг масалага чуқур ёндашмаганлиги оқибатида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги, ўсимлик дунёсига доир кадастр китоблари умуман шакллантирилмаганлиги ҳамда кадастр китоби учун ҳайвонот дунёси турлари рўйхати яратилмаганлиги, малака талабларига жавоб бермайдиган ўрта маълумотли ходимлар қўриқлаш ходими сифатида ишга қабул қилинганлиги, маблағлар ноқонуний ўзлаштирилганлиги ва бошқа қонунбузарликлар жиддий танқид остига олинди. Ўз навбатида юқоридаги ҳолатлар юзасидан керакли чоралар кўрилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, Экология вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов, Нурота давлат қўриқхонаси ходимлар бўйича инспектори ва «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи Илмий ишлар ва экологик таълим бўйича директор ўринбосарига  «ҳайфсан» интизомий жазо чоралари қўлланилгани, қолаверса, Боботоғ, Оролқум, Омонқўтон, Зарафшон, Марказий Қизилқум ва Оролбўйи миллий табиат боғлари раҳбарларига ўз фаолиятида кескин ўзгариш қилиш шарти билан 3 ой синов муддати берилганини маълум қилди.

Маълумот учун, вазирлик тизимида бугунги кунда 24 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолият юритиб келмоқда. Улардан 12 таси — миллий табиат боғи, 7 таси — давлат қўриқхонаси, 1 таси — давлат биосфера қўриқхонаси, 2 таси — давлат буюртма қўриқхонаси, 1 таси — биосфера резервати, 1 таси питомникдан иборат бўлиб, умумий ер майдони 5 822 391 гектарни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг