Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 3,5 миллион евролик лойиҳалар ишга туширилди — ЕИ

Ўзбекистонда 3,5 миллион евролик лойиҳалар ишга туширилди — ЕИ

Ўзбекистонда Европа Иттифоқининг гранти асосида умумий қиймати 3,5 миллион евродан ортиқ бўлган 8 та ташаббус амалга оширилади. Бугун, 3 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган «ЕИнинг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаши» мавзусидаги анжуманда лойиҳаларга старт берилгани маълум қилинди.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш бўйича эълон қилинган танлов якунида ғолиб деб топилган лойиҳалар муҳим йўналишларни қамрайди.

«Бугун ЕИ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг ишга туширилиши Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларимизнинг бир қисмидир. Бизнинг жорий саъй-ҳаракатларимиз фуқаролик жамияти ташкилотларининг имкониятларини кенгайтириш, инклюзивлик, фаоллик ва демократияни ривожлантиришга қаратилган. Биз аёллар, болалар ва ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун лойиҳаларга устувор аҳамият қаратган ҳолда, уларнинг овозини янада кучайтириб, инклюзив тараққиётни тарғиб қилмоқдамиз», – деди ЕИнинг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан хоним.

Дипломатнинг таъкидлашича, ЕИ Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаб, фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлигида демократиянинг муҳим шарти бўлган плюрализм ва инклюзивликка ҳисса қўшишда давом этади.

2024-2026 йилларда амалга ошириладиган грант лойиҳалари фуқаролик жамияти ташкилотларининг инклюзив тараққиёт, гендер тенглигини тарғиб қилиш, «яшил» кун тартибини илгари суриш каби масалалар бўйича салоҳиятини оширади.

AFEW International томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Самарқанд, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аёллар ва ёшлар билан ишлаётган фуқаролик жамияти ташкилотларини кучайтиришга йўналтирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти амалга ошираётган лойиҳа эса «Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар ва атроф-муҳитни тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш учун фуқаролик жамиятларининг имкониятларини кенгайтириш» деб номланади.

Saferworld томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотлари ва давлат органлари ўртасидаги мувофиқлаштириш фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Мальмёдаги Халқаро хотин-қизлар уюшмаси (IKF Malmö) амалга  татбиқ этадиган лойиҳадан кўзланган мақсад эса яшил ва айланма иқтисодиёт тармоқларида аёллар ва ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборатдир.

Бундан ташқари, Deutsche Welle, DVV International Uzbekistan, Кичик ва ўрта корхоналар уюшмаларининг Европа конфедерацияси (CEA-PME), MARTA маркази каби ташкилотлар томонидан ҳам долзарб мавзулардаги дастурлар амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг