Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёжманд қатламни ишга олган тадбиркорларга қатор имтиёзлар бериляпти

Эҳтиёжманд қатламни ишга олган тадбиркорларга қатор имтиёзлар бериляпти

Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилади. Бу борада жорий йил 12 июнь куни Президентнинг ПФ–93-сон фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, тадбиркорларнинг ихтиёрий асосда иштирок этиши мумкин бўлган “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.

Дастурда тадбиркорлар билан 3 йилгача бўлган муддатга “ҳамкорлик шартномалари” тузилади ва уларга бу ҳақда тасдиқловчи сертификат берилади.

2023–2024 йилларда ушбу Дастурни амалга ошириш учун жами 1 млрд доллар миқдорида кредит линияси очилади. Кредит линияси маблағлари ҳисобидан банклар томонидан кредитлар Дастурга киритилган тадбиркорларнинг лойиҳаларини (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар бундан мустасно) амалга ошириш учун 7 йилгача муддатга 14 фоиз ставкада рўйхатга мувофиқ миқдорларда ажратилади.

Дастурда қатнашаётган тадбиркорларга айрим имтиёз ва преференциялар бериляпти. Яъни тадбиркорлар томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда, 2025 йил 1 январгача:

  • тадбиркорлар ушбу фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилади;
  • фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 бараваригача) қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади;
  • барча солиқлар (ҚҚС ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз 1 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари ва ерга бўлган ҳуқуқлар аукцион орқали сотиб олинганда, тўловларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  • божхона назоратини амалга оширишда “яшил йўлак” қоидалари амал қилади;
  • барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно).

Фармонга кўра шунингдек, “Касб эгаси” дуал таълим тизими тажриба тариқасида ишга туширилади (биринчи босқичда 2023/2024 ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3–4-курс талабалари учун жорий қилинади).

Маълумот учун, Дастурда камида 2 йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаган тадбиркорлар – юридик шахслар иштирок этиши мумкин. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг