Дунёдаги йирик сув ости хазиналари (фото)
Инсоният бугунга қадар кўплаб мислсиз кашфиётлар қилди. Хусусан, эртаклардагидек денгизлар тубидаги беҳисоб хазиналарни излаб топди ва излаб топмоқда. Қуйида шу кунга қадар топилган дунёдаги энг катта сув ости хазинларининг аксариятини санаб ўтамиз.
Nuestra Senora de las Mercedes
Испаниянинг Nuestra Senora De las Mersedes 36-қурол фригатори 1804 йилда фалокатга учради. Кеманинг вазифаси Уругвайдан Испанияга кумуш, олтин ва зираворлар ташиб келтириш бўлган. Фалокатдан олдин ўша йилларда «денгизлар хўжаси» ҳисобланган Буюк Британия кемани Португалия қирғоқларида текширишни талаб қилади. Испания томони ўз навбатида буни кескин рад этган. Келишмовчилик натижасида кема Британия қироллигининг тўртта денгиз флотига қарши жанг ўтказиб, бортида 200 дан ортиқ одам билан Атлантика тубига чўкиб кетади.
Узоқ йиллик қидирув ортидан кема ва унинг ичидаги улкан бойликлар 2007 йил топилди. Ҳозирда топилмалар Испания музейларида сақланмоқда.
SS Gairsoppa
1941 йил Буюк Британиянинг SS Gairsoppa номли юк кемаси Ҳиндистондан катта миқдордаги кумуш идишларни ортиб қайтаётган эди. Кучли бўрон туфайли кема капитани йўналишни Англия ўрнига Ирландия томон ўзгартирган. Афсуски, шу йилда Иккинчи жаҳон уруши авж олганди.
Немислар самолёти кемани пайқаб, унинг жойлашган ери ҳақидаги маълумотни немис U-boat (кема)га юборади. Натижада SS Gairsoppa кемаси ўққа тутилиб, бортида 85 йўловчи билан сувга ғарқ бўлган.
Уруш тугаганидан сўнг кемани «денгиз шоввозлари» узоқ вақт қидиришди. Охир-оқибат 2011 йили Одиссей Марине жамоаси бу ишни уддалади. Улар 110 тоннадан ортиқ кумуш қуйма топишган.
Кесария хазинаси
Қадимги Кесария порти (Исроил) Буюк Ҳирод томонидан милоддан аввалги 96 йилда босиб олинган. Бу даврда ҳудуд Клеопатранинг бошқарувида эди. Салиб юришларига қадар Рим империяси ва Византия пойтахти бошқаруви остида Кесария қадимги дунёнинг муҳим порт шаҳри ҳисобланган. 2016 йил порт яқинидаги иккита сувости кемаси Рим даврида чўкиб кетган кемани топди. 1700 йил олдин ҳалокатга учраган кема бронза ҳайкаллар, тангалар ва сопол буюмлар билан тўла бўлган. Улар ҳозирги пайтда Исроилнинг Аниохия маъмуриятида сақланади.
Nuestra Senora de Atocha
Испаниянинг яна бир Nuestra Senora de Atocha номли кемаси 1622 йил бортида 5 нафар киши билан ҳалокатга учраган. Кема бўрон туфайли чўкиб кетган бўлиб, Гаванага сузиб кетаётган эди.
Унинг ичида Филипп IV учун Колумбия ва Панамадан катта миқдорда олтин, марварид, мис, кумуш, индиго ва тамаки олиб келинаётган бўлган.
1985 йил ушбу кемани хазина изловчи Мел Фишер кашф этган ва топилган бойликлар 450 миллион АҚШ долларга баҳоланган. Бугунги кунда, хазинанинг аксариятини Флорида штатидаги музейда кўришингиз мумкин.
Santa Margarita
Atocha – 1622 йилда йўқолган ягона испан кемаси эмас. У ўша йилларда хизмат кўрсатган 28 кема каллонасининг бир қисми эди. Уларнинг ҳар бири заргарлик буюмлари, олтин ва кумуш билан тўлдирилган бўлган. Atochaни ҳалокатга учратган ўша довул яна саккизта кемани ҳалок қилди. Шулардан бири Santa Margaritaдир. Atocha кашф этилганидан кейин Мел Фишер компанияси Santa Margaritaни қидиришни бошлади. Афсуски, Фишер 1998 йили вафот этади. Аммо унинг оиласи ҳанузгача компанияни бошқариб, қидирув ишларини давом эттирмоқда.
Ниҳоят, 2009 йили, 20 миллион АҚШ долларлик олтин, кумуш тангалар ва 10 мингтагача марваридлар топилган. Маълумотларга кўра, қидирув ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Боиси эски қўлёзмаларда яна 50 миллион АҚШ долларлик кумуш ва тангалар йўқолганлиги қайд этилган.
Яна бир муваффақиятсизликка учраган хазина флоти
Испания 1622 йилдаги йўқотишлардан кейин ҳам олтин олишдан воз кечмади. 1715 йил Гаванадан Испанияга Марказий ва Жанубий Америкадан топилган олтин ва марваридлар солинган кемалар флоти йўлга чиқди. Аммо у ҳам фалокатга учраб сувга ғарқ бўлган. 2014 йил хазина изловчилар 1 миллион долларга тенг олтин тангалар ва қимматбаҳо тошларни топдилар.
Сан Хосе
Испания учун хазина олиб юрадиган кўплаб кемалар Колумбиянинг Картагена шаҳридан йўлга чиққан. Ана шу кемалардан бири Сан Хосе галлеони 1708 йили инглизлар ҳужумига учраган. У кўплаб зумрад, олтин ва кумуш билан тўлдирилган эди.
Кема жангда мағлубиятга учраб, чўкиб кетади. Қарийб 20 миллиардлик хазина жамланган Сан Хосе топилишига 300 йил вақт керак бўлди. Айтишларича, хазина Колумбия қирғоқларида жойлашган Росарио ороллари яқинида топилган. Бироқ, Колумубия ҳукумати ушбу кашфиётни сир сақлашни афзал кўрмоқда.
Ҳераклеин харобалари
Маълумотларга кўра, Ҳераклеин шаҳри милоддан аввалги 8 асрлар Нил дарёси қирғоқларида ташкил топган бўлиб, ўз даврининг муҳим порт шаҳри ҳисобланган. Шаҳарда рўй берган кучли зилзила ва цунами оқибатида кўплаб кўркам бинолар денгизга қулаб тушди. Шаҳар эса, ташландиқ ҳолга келди.
Археологлар 2000 йилда денгиз остидаги қадимий шаҳар қолдиқларини топдилар. Ҳайратланарлиси, кўплаб ҳайкаллар, бино қолдиқлари, заргарлик буюмлари ва тангалар жуда яхши ҳолатда сақланиб қолган эди.
Мазкур топилмалар 2015 йил Париж кўргазмасида намойиш этилган.
Неаполис
Цунами оқибатида ювиб кетилган ягона шаҳар Ҳераклеин эмас эди. Шимолия Африка соҳилидаги қадимги Неаполис шаҳри ҳам тахминан 1700 йил муқаддам худди шундай тақдирни бошдан кечирган.
Зилзила натижасида Неаполиснинг катта қисми вайрон бўлган. 8,0 балли зилзила шу қадар кучли бўлганки, ҳатто у Искандария, Миср ва Крит оролига жиддий зарар етказди.
Қидирувлар ортидан 2017 йил Тунис соҳилларида сув остидаги шаҳар қолдиқлари топилди. Топилмаларнинг аксариятини устунлар, асбоб-ускуналар ташкил этган.
SS Central America
Қўшма Штатларнинг SS Central America номли кемаси 1857 йил Жанубий Каролинанинг қирғоқларида бўронга дуч келди. 578 йўловчидан 425 нафари кема билан сув остига чўкиб кетган. Шунингдек, кема ўзи билан 30 минг фунт миқдоридаги олтин ҳам олиб кетаётган эди. Бу эса, ўз навбатида молиявий инқирозга ҳам сабаб бўлди.
«Олтин кема» узоқ вақт давомида хазиначиларнинг радарларида бўлган ва ниҳоят 1988 йил Томми Томпсон томонидан топилган.
Нурилло Тўхтасинов таржимаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter