Депутатлар Давлат божхона қўмитасидан амалдаги тартибни бекор қилишни талаб қилишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Давлат божхона қўмитасининг коррупцияга қарши кураш борасидаги фаолияти юзасидан қўмита раиси М.Азимовнинг ахбороти эшитилди.
Депутат Расул Кушербаевнинг хабар беришича, эшитувда депутатлар қўмита раисидан бир қатор масалаларни ҳал этиш талабини қўйдилар. Жумладан, 2016 йил 20 январда Божхона кодекси қабул қилинган бўлса-да, бугунги кунга қадар соҳада қонуности ҳужжатлар кўплиги сабабли бундай ҳужжатларни камайтириш масаласи қўйилди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 11 майда 925-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундириш тартиби» тадбиркорларга қийинчилик туғдириш билан бирга, унда коррупион иллатлар мавжудлиги таъкидланди.
Ушбу тартибда белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун ҳар бир ходимнинг иш вақти учун «Евро» валютасида ҳисоб-китоб амалга оширилишини қандай тушуниш мумкин, деган асосли савол қўйилди. Тартибда белгиланган жойга божхона ходимининг етиб бориши учун сарфланадиган вақт ҳам ҳисобга олинмаган ва натижада амалиётда қаердадир ҳисоблаяпти, қаердадир эса йўқ.
Эшитув якунида Божхона қўмитаси раисидан ушбу тартибни ҳам бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб қилинди, деб ёзмоқда депутат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter