Давлат тили «RED BULL»га ҳам тааллуқли — энергетик ичимликка мувофиқлик сертификати берилмади
Республика синов ва сертификатлаштириш маркази «Xabar.uz»га маълум қилишича, ёрлиғидаги маълумотлар ўзбек (давлат) тилида бўлмагани учун «RED BULL» савдо белгили энергетик ичимликка мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш рад этилган.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, истеъмолчиларнинг озиқ-овқат маҳсулоти тўғрисида ишончли маълумотга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори (12.07.2017 йил, 490-сон) билан «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламент тасдиқланган бўлиб, унда озиқ-овқат маҳсулоти давлат тилидаги ёзувлар тарзида тамғаланиши белгилаб қўйилган.
Республика синов ва сертификатлаштириш маркази томонидан сертификатлаштириш жараёнида импортёр «New Optimal» масъулияти чекланган жамияти томонидан юртимизга олиб келинган «RED BULL» савдо белгили энергетик ичимлик (ишлаб чиқарувчи — «RAUCH FRUCHTSAFTE GMBH & CO. OG», Австрия) юқорида келтирилган умумий техник регламентнинг ёрлиқланиш қисми талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, ичимлик ёрлиғидаги маълумотлар давлат тилида мавжуд бўлмаганлиги сабабли маҳсулотга мувофиқлик сертификати расмийлаштириш рад этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter