Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дастурхони билан дунёни забт этаётган ўзбегим» – Батумида ошхона очган поплик йигитлар

«Дастурхони билан дунёни забт этаётган ўзбегим» – Батумида ошхона очган поплик йигитлар

«Ҳалол маҳсулотлар топгунча анча қийналдик. Охир-оқибат етказиб берувчиларга қатъий талаблар қўйиб, мақсадимизга эришдик. Шукр, ҳозир мижозларимизнинг охири кўринмайди. Нафақат Ўзбекистондан келган ўзимизникилар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам кўп киришади» – дейди Достонбек.

Грузиянинг иккинчи йирик шаҳрида авжи туризм мавсуми. Одам гавжум, ўзбекистонлик ҳам жуда кўп. Аксарият юртдошларимизни бир масала – қаерда таомланиш, егуликларнинг покизалиги, мазаси ва нархи ўйлантиради. Дўстларимиз билан кезиб юрганимизда «Чайхана» деган ёзувга кўзимиз тушиб, хазина топиб олгандек бўлдик.

Дарров кирдик. Бошига марғилон дўппи, елкасига дурра ташлаб олган йигит «Ассалому алайкум, келинглар акалар» дея тавозе билан кутиб олди.

– Исмим Талъатбек. Ўзимиз попликмиз. Икки йилдан бери Батумида ўзбек миллий таомлари ошхонасини юритяпмиз. Дастлаб қўрққандик, ўзбек таомларини қандай қабул қилишларини билмасдик. Кўз тегмасин, хўрандаларни тез жалб қила олдик.

Батумида ўзбек ошхонаси

– Асосан қандай таомларни сўрашади?

– Ҳаммасини. Эътибор берган бўлсангиз масканимиз пештоқига «ўзбек ва грузин таомлари» деб ёзиб қўйилган. Биз турли миллат вакилларига хизмат қиламиз. Ўзбек ошини, сомсаларини, шўрва ва лағмонларни кўп тақдим қиламиз. Грузин хинкалисини (мантига ўхшаш таом) грузинларнинг ўзидан ҳам кўра яхшироқ тайёрлаяпмиз шекилли, кейинги пайтлар сўраганлар кўпайиб кетди. Чунки биз гўшт ҳалоллиги ва сақланишига жиддий эътибор берамиз, ўзига хос зираворлар қўшамиз.

Суҳбатимизга Талъатбекнинг акаси Достонбек қўшилди.

– Ўзи бу ерга онамни айлантириш учун келгандик. Кетар чоғимиз онамнинг тоблари қочиб, маълум муддат қолишга тўғри келди. Ўша кунлари зерикиш ортидан ошхона очиш фикри туғилди. Дастлаб бошқа жойда ишлаганмиз. Кейин гавжумроқ дея денгиз бўйига кўчдик. Ҳозир ишларимиз яхши.

Достонбек

– Маҳсулотларни қаердан оласизлар, Ўзбекистондан келадиганлари ҳам борми?

– Қандай маҳсулотлигига қараб. Айрим нарсалар борки, Грузияники ҳам жуда сифатли ва мазали. Гуручни асосан Ўзбекистондан оламиз. Портларга келган юртимиз юк машиналари келтириб беришади. Зира, мурч каби маҳсулотларни танишлар олиб келишади.

Алоҳида мавзу – гўшт масаласи. Дастлаб ҳалол ва сифатли мол гўшти топишга қийналганмиз. Етказиб берувчилар эътиборсизлик қилсак  чўчқа гўшти аралаштириб олиб келишга ҳаракат қилишар, нега рад қилишимизни тушунишмасди. Охири мол сўйилишидан тортиб олиб келинишигача бўлган барча жараёнларни ўрганиб, ишончли қўллардан оладиган бўлдик. Бу ерларда қўй гўшти ейилмайди.

– Грузияда бизнес юритиш қийин эмасми?

– Жуда осон. Текширишлар мутлақо йўқ. Барча ҳужжат ишлари, солиқлар, ҳисоботлар ва тўловлар онлайн амалга оширилади. Давлат ташкилотлари киришса ҳам жазоловчи сифатида эмас, бизнесга ёрдам берувчи сифатида ўз тавсияларини беришади. Бу ерда иш ўрни яратиш жуда катта жасорат. Чунки туризми ривожлангани билан Грузияда ишлаб чиқариш корхоналари, саноат деярли йўқ, тадбиркорлик бизчалик ривожланмаган.

Ўзбекистонда ҳам ҳозир бизнес юритиш осон бўлиб қолди. Олдин жуда мураккаб бўлган.

Талъатбек

– Нимадан қийналасиз?

– Соғинчдан. Денгиз, табиат, гўзаллик қишлоғингнинг тупроқ кўчалари завқини бермайди. Яна иссиқ ва намликдан. Укам Талъатбекка эътибор бердингизми, доим дурра билан пешонасини артиб, елпиниб юради. Мижозларга югуриб хизмат қилиш, иссиқ ошхонадан таомлар ташиш қийинда...

Достонбек ва Талъатбекларнинг вақтини кўп олмадик. Чунки мижозлар чиндан ҳам навбат ҳосил қилганди. Ҳисоб-китоб чоғида Достонбек “Акалар, сизлар ўзимизники экансизлар, қоғоздаги  нархга қараманглар. Берганингизча бераверинглар, бермасангиз ҳам майли”, деди. Ўзимизникилар ўша юртларда ўрнини топиб, шунча одамнинг ҳожатини чиқараётганидан хурсанд бўлиб чиқдик.

Аброр Зоҳидов, Грузия, Батуми.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг