Дарахт тепасида 738 кун яшаган қиз
23 ёшли америкалик Жулиа Хилл 1997 йил 10 декабрдан бошлаб ердан 60 метр баландликда жойлашган дарахтга чиқди ва у ерда яшай бошлади. Дарахтнинг энг тепаси – 3 квадрат метр майдонда ҳаёт учун зарур бўлган ҳамма нарса бор эди: печкали кичкина ошхона, ёмғир сувини йиғиш тизимига эга ҳаммом, сурат чизиш учун бўёқлар, қоғозлар... Хўш, қиз нима учун қарийб икки йил давомида ғайриоддий уйи – дарахтда яшади?
Pacific Lumber компанияси рамзий ўрмондаги дарахтлар сонини сезиларли даражада камайтирадиган ташаббусни эълон қилди. Баландлиги 60 метрдан ошган ва ёши 500 йилдан ортиқ бўлган Секвойя қизил дарахти ҳам кесилиши керак эди. Ана шу дарахтни эса Хилл сақлаб қолди.
Жулиа Хиллнинг отаси саёҳатчи эди, шунинг учун у болалигининг кўп қисмини Қўшма Штатлар бўйлаб кўчиб яшади. Бу ҳеч кимга ўхшамайдиган қизнинг «Капалак» лақаби бор эди. Сабаби пиёда саёҳатларининг бирида 7 ёшли қизалоқнинг бармоғига капалак қўнади ва саёҳат охиригача учиб кетмайди.
Унинг оиласи кўчиб юргани учун ўқиш, ёзиш билан кўпроқ уйида шуғулланган. 2009 йилда интервюларнинг бирида Хилл болалиги ҳақида гапираркан, ижтимоий жиҳатдан изоляция қилинганини айтади: «Мен бошқа одамларни тушунмасдим, улар билан қандай мулоқот қилишни билмасдим».
1996 йилнинг ёз оқшомларидан бирида Хиллнинг машинасига маст ҳолда рул бошқараётган ҳайдовчи тўқнашиб кетади. Ушбу бахтсиз ҳодиса натижасида Хилл деярли бир йил гапира олмади ва юра олмади. Соғайиш асносида қиз келажаги ҳақида ўйлади – фойдали иш билан шуғулланишни мақсад қилди, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан қизиқди.
«Фалокатнинг машъум «из»идан халос бўлиш учун 10 ойлик жисмоний ва когнитив терапия керак бўлди ва шу вақт ичида мен бу дунёда шунчаки яшашдан каттароқ мақсадни топишни хоҳлаётганимни англадим. Шифохонадан чиққанимдан сўнг дўстларим билан саёҳатга чиқдим, бу мени Калифорнияга олиб борди ва у ерда мен қизил ўрмонда қолдим», деди у 2006 йилда Grist журналига берган интервюсида.
Сақлаб қолинган дарахтни Ой деб номлашди. «Ой»ни кесмаслик ҳақидаги шартнома дарахт ва унинг 61 метр радиуси атрофидаги ҳудудни сақлаб қолишни таъминлади, аммо аллақачон кесилган дарахтлар компаниянинг мулки бўлиб қолаверди. Pacific Lumber компанияси 2007 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларининг юқори нархини ҳисобга олиб, банкротлик тўғрисида ариза берган.
2000 йилда «Капалак» номли ҳужжатли фильм премераси бўлиб ўтди, унда америкалик қиз дарахтда қандай яшаганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
Хилл ҳозирда экофаол ва ёзувчи. 2000 йилда у «Ой мероси: Дарахт, аёл ва Қизил ўрмонни қутқариш учун кураш ҳикояси» номли хотира китобини нашр этди, унда у дарахтда яшаган тажрибаси билан ўртоқлашган. Ҳозир Жулиа Хилл 50 ёшда, у кўпроқ ёлғизликда ҳаёт кечиради, аммо атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асосий мақсади. У табиат билан ўзини ёлғис ҳис қилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter