«Ушбу хатим тез ва қисқа кунларда…»
Чорак асрдан буён хатсиз, бўм-бўш очилиб қолган почта қутилар ҳақида эмас, балки, умр пойига улкан хотира қўядиган – хат (мактуб) ҳақида сўз.
«Вафосизга. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки, ҳозирда маним ёлғиз кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардаги «вафо» сўзига ишонмайман. Чунки, мен ўзимнинг вафосига ишонғаним бир йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим. Уятимдан кўзларимни очолмайман. Негаки, еру кўклар, тоғу-тошлар ва дунёдаги барча нарсалар маним алданғаним учун кулиб масхара қилғандек қарайдилар... Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун ўзимга ажал чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир...
... Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим. 17-жавзо, 1265-инчи йил, Марғилон»
Ва бунга жавобан ёзилган иккинчи мактубдан қисқача келтирайлик:
«Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга. Киноя ва аччиғлар билан тўлиқ бўлған мактубингизни олдим. Хатни ёзған чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузғанлигингиз гавдаланиб, кўз ўнгимдан ўтдилар...
...Сиз манинг бу хатимни ўқиб, гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта, ман Марғилон йўлида бўлсам керак...
Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглаштирмакчи бўлғансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай, Олтинбиби, деб атамоқ фикрига тушдим...
Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжингиз Отабек. 26-жавзо, 1265-инчи йил. Тошканд»
Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлари»ни такрор-такрор ўқир эканмиз, ёзувчининг, нафақат, тенгсиз асар, балки эски ўзбек тилидаги мактубларнинг ажойиб намуналарини ҳам қолдирганига амин бўламиз. Мазкур асарда мактублар жуда катта ўрин тутган. Унда келтирилган мактублар орқали эру-хотин, она ва қиз, ота ва ўғил, шунингдек, ўша вақтдаги тарихий воқеликлар ҳам устамонлик билан ёритилади.
Демак, мактуб (хат), яъни бир энликкина парча қоғоз азалдан қалбларни-қалбларга боғловчи, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини уловчи ришта, оддийгина, аммо, буюк қудратга эга масофалараро мулоқотнинг тенгсиз тури сифатида хизмат қилиб келган.
Хат тарихига назар
Мактуб тарихига назар ташланадиган бўлса, ер юзида ёзув кашф қилингандан бери шаклланган. Азалдан одамлар дил изҳорлари-ю соғинчларини, қайғу-ҳасратларини мактублар орқали бир-бирларига баён этганлар. Ҳатто, мамлакат ва салтанат сирлари ҳам мактубларда битилган. Улар махсус чопарлар ва ўргатилган кабутарлар орқали манзилга етказилган. Шунингдек, хатларни ўз манзилига талафотсиз етказишда савдо карвонларидан, от-аравалардан, пароходлардан, кези келганда, нотаниш одамлар кўмагидан ҳам кенг фойдаланилган. Кўнгил кечинмалари, турмуш ташвишлари, севги, муҳаббат сўзлари битилган, кишиларнинг барча-барча қувонч-у ташвишлари баён этилган хат — тўрт букланган бир энликкина қоғоз (айрим ҳолларда жилдсиз бўлса-да) ўз эгасига бекаму-кўст етказилган.
Шунингдек, хат — турли фожеаларнинг олдини олишда, одамларни ҳалокатлардан қутқаришда ҳам муҳим ўрин тутиб келган. Зеро, тарихдан ҳалокатга учраган денгизчиларнинг номаълум қутқарувчилардан умид қилиб, шиша идиш ичига хат жойлаб, сувга ташлаганларини, кабутар қанотларига илинган мактуб жарга қулаган айрим кимсаларнинг оғир аҳволидан дарак берганлигини ва бундай фалокатлардан бохабар бўлганлар зудлик билан ёрдамга шошиб, муаммоларга ечим топганини кўп бор ўқиганмиз.
Даврлар ошиб, замон тараққий этгани сари хатни ўз манзилига етказиш соҳаси ривожланди. Телефон, почта хизмати шаклланиб, одамлар хат ишқибозига айланишди. Мактублар ёзиш, хат орқали одамлар ўртасида муомала маданияти янада шаклланди, меҳр-оқибат, самимийлик, инсонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатлари ошди.
Хат ёзишнинг ҳам ўзига хос тартиби, қоидаси бор эдики, у худди энг севимли дил сўзларидек муқаддас, қадрли саналарди: «Ушбу хатим тез ва қисқа кунлар ичида ул гўзал қишлоқда яшаб юрган дўстимга етиб бориб, маълум ва равшан бўлсинким...» Хат давомида сўралаётган кишининг яқин қариндошлари-ю дўст-биродарларидан алоҳида-алоҳида ҳол-аҳвол сўралар, айни дамда нима ишлар қилаётганидан тортиб, келгусидаги режаларигача қизиқилар, худди шунингдек, хат ёзувчи томонидан унинг ўзи ва яқинларининг ҳар бирининг аҳволи, туриш-турмуши, орзулари тўғрисида батафсил баён этилар эди. Соатлаб вақтлар оқ қоғоз устида сарфланарди. Узун ва мазмундор хатлар ёзилган бўлишига қарамасдан, самимий ва камтаринлик билан: «Қисқача ва мазмунсиз хатим тамом, то қучоқ очиб кўришгунча хайр» ёҳуд, баъзан ҳазиломуз: «Хатом бўлса кечиринг, резинка билан ўчиринг» қабилидаги жумлалар билан якунланар эди. Бир энлик қоғозда битилган оламча инсонийлик, қадр-қиммат, меҳр-оқибат, муҳаббат туйғулари хатжилдда елимланиб, манзилга жўнатиларди.
Албатта, қўшни вилоятдаги дўст-ёрларга, олис юртда йигитлик бурчини ўтаётган аскар акаларга ёҳуд пойтахтда таҳсил олаётган опаларга мактуб ёзишнинг ўзгача шавқи, ўзгача завқи бор эди. Шунингдек, хат ёзиш фақатгина ҳол-аҳвол сўрашдан иборат бўлибгина қолмай, қўшни туман ё қўшни вилоятларда яшовчилар мактуб орқали бир-бирларининг урф-одатлари, байрам тантаналарини қандай ўтказишлари-ю, айрим шевага хос сўзларининг мазмун-моҳиятигача билиб олишарди.
Ҳа, бир пайтлар хат ёзишнинг ўзи эмас, балки уни жўнатиш ва хат жавобини кутиш лаҳзаларининг ўзи ҳам кишига қандайдир куч, гашт бағишлаган.
Ҳа, бир пайтлар... ҳар бир кўча, қишлоқлар йўли бошига ўрнатилган почта қутилари атрофи одамлар билан гавжум бўлган. Почтачи жавоб хатини келтирмаса, ёшлик завқ-у шавқига берилибми, гоҳда унга ишониб-гоҳда ишонмай, сумкасигача титкилаб кўрилган...
Бугун эса одамлар ана шундай хат ёзмай қўйишди.
Туйғуларни парчалаган SMSлар
Баъзан китоб жовонимизда асраб-авайлаб қўйганимиз — ёшликнинг энг гўзал дамларини ёдга солувчи юздан ортиқ хатларни меҳр билан ўқиймиз. Такрор-такрор ўқилаверганидан сатрлари ёд бўлиб кетган бўлса-да, уларни ҳар сафар қўлга олганимизда худди биринчи бор ўқиётгандек хурсанд бўламиз. Бундай кезда киши эски қувончлардан яна қувонади, ўшал алам-изтиробларни қайта ҳис қилади. Меҳр-оқибат, дўст-у дугоналик ришталари, бирга сабоқ олганлик даврлари, муҳаббат, соғинч туйғулари қайта жонланади. Бир пайтлар ёзилган мактублар гарчанд кулдириб-йиғлатса ҳам кишини ёшлик олами билан бир дафъа юзма-юз этгани билан қадрли ва тенгсиздир.
Ҳозир-чи?! Интернет-чатлардаги енгил-елпи мулоқотлар, телефондаги узуқ-юлуқ суҳбатлар-у, бир-бирини мазах қилувчи, ҳақоротловчи SMSлар... бугунги кундалик ҳаётимизнинг гўё мазмун-моҳиятига айланган.
Онасига хат ёзмаган кашфиётчи бола
Яқинда ўзининг ажойиб кашфиёти билан тенгқурлари орасида обрў топган талаба билан суҳбат ўтказилди. У ўта замонавий қурилмаларнинг ҳозирги глобаллашув жараёнларида тутган ўрни, ҳар қандай кашфиёт инсон келажагига, нечоғли, хизмат қилаётгани, шунингдек, ўқиш жараёнида яратилган кенг имкониятлар ҳақида узоқ сўзлади. Унинг теран фикри ва ўткир мушоҳадалари тенгқурларида, шубҳасиз, ҳавас уйғотди. Бироқ, у: «Узоқ йиллар хориж давлатида ўқиб, яшагансиз. Шу йиллар орасида ота-онангиз, яқин биродарларингизга ҳеч мактуб ёзганмисиз?»-деган савол олдида анграйиб қолди. Гарчанд, у шу йиллар орасида ота-онасига қўнғироқ қилиб турган, опасига қисқагина SMS ёзган, аллақайси дўстига интернет орқали узуқ-юлуқ хат йўллаб турган бўлса ҳам уни айтишга ботинолмади. Зеро, у умрида бир марта бўлса-да, ҳеч кимга бир энликкина қоғоз парчасига мактуб ёзмаган, ҳатто, бунга вақт ажратиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.
Хатдан афзали йўқ
Ҳа, баъзан ачиниб кетасан, киши. Инсоннинг ўтаётган ҳар бир они, завқи, манзаралари, қувончи-ю беором тунлари хотираларини ҳеч нарса мактублардек тиклаб бера олмайди. Шу ўринда, бугунги кунда технология соҳасида мислсиз кашфиётлар яратилган бўлишига қарамасдан, инсонларнинг қалб кечинмалари тўкиладиган хатдан ўзга афзали, тенгсиз ва ягона мулоқот маданият манбаи йўқ, деб аташ ўринли.
Афсуски, яхши мақсадлар ила тараққий этиб бораётган цивилизациядан ноўрин ва нотўғри фойдаланиш, айнан, одамларнинг ўз ҳиссаси билан ўзларининг маънавий дунёсига таҳдид солаётир. Дўстлик, биродарлик, қавму-қариндошлик ришталарини мустаҳкам боғловчи, инсон камолоти ва фикрининг шаклланишида бевосита маънавий аҳамият касб этиб келган.
Фикрингизга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди
Бироқ, ҳали одамлар ҳаётида умр ўз отини қамчилаб ўтмаган. Ёшлар учун вақт мўл. Кеч эмас. Ўқишда бўлсангиз, йироқдаги ота-онангизга, олис қишлоқдаги суюклигингизга, сизни бир олам қувончу чексиз соғинчлар билан кутаётган синглингиз ё укангизга, яқин хеш-тоборларингизга бир энликкина қоғоз қоралаб, мактуб ёзинг.
Зеро, бундай чоғда ҳеч ким сизнинг сўзингизни бўлмайди. Фикрингизга аралашмайди, тўсқинлик қилмайди. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла устида тиниқ фикрлар юритасиз, ўйлайсиз, ёқмаган жойини ўчириб ташлайсиз. Истаганча меҳрингизни сочасиз, лозим бўлса, жаҳлингизни баён этасиз. Хато ва камчиликлари кўпмасмикин, дея қайта-қайта такрор ўқийсиз. Оддий сўзларингиз дурга, жумлаларингиз эса гўё нурга айланиб бораверади. Хатни ёзиб бўлгач, гўё катта бир санъат асарини ёзиб тугатгандек бирам енгил тортасизки...
Жилдни оҳиста, меҳр билан елимлаб, ўз манзилига омон-эсон етиб боришини ички кечинмаларингиз билан баён этасиз.
Тўғри, хат ёзишни билмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо, бунинг учун алоҳида қобилият ёки маҳорат керак эмас. Оддийгина саломлашув, ҳол-аҳвол сўраш ва самимий хайрлашувни билсангиз, кифоя.
Почта хизматлари жонланишига асос
Хат ёзиш — қалбни сўроқлаш ва узилиб кетган дил ришталарини тиклаш билан баробар. Орадан озми-кўпми вақт ўтиб, бир вақтлар ёзган хатингизга юборилган жавобларни ўқиб, ўзингизни осмонларда ҳис этасиз. Кеча бугундан ёш бўлганингизни, ҳар бир дақиқа умрнинг пойига қўйилган улкан хотира эканлигини англайсиз.
Балки, сизнинг мактуб ёзишга ишқибозлигингизнинг ортиши почта хизматларининг янада жонланишига, шунингдек, йўқолиб кетаётган қадриятларнинг қайта тикланишига туртки бўлса, ажабмас.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, эҳтиросли дил сўзлари баёни-ю, эр-хотин, ота ва ўғил, она ва қиз, дўст-у дугона муносабатларини улуғловчи мактублар фақат асарлардагина қолиб кетмасин.
Лайло ҲАЙИТОВА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter