Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Буйрак трансплантациясини бошдан кечирган аёл фарзандли бўлди

Буйрак трансплантациясини бошдан кечирган аёл фарзандли бўлди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Қорақалпоғистонлик Анесия Утагенова буйрак трансплантацияси амалиётини 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон бўйича биринчилардан бўлиб бошдан ўтказган беморлардан биридир. У 2020 йилда турмушга чиққан. Турмуш қилишидан аввал ҳам шифокорларнинг жиддий текширувларидан ўтган. Яқинда Анесия тўнғич фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Хирург-трансплантолог Зоҳиджон Маткаримовнинг таъкидлашича, буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморларнинг туғишини ривожланган давлатларда ҳам кўплаб нефрологлар бўйнига олмайди. Чунки ҳомиладорлик беморга салбий таъсир қилиб, ҳомила ва бўлғуси онанинг тақдири хавф остида қолиши мумкин.

Анесия Утагенова ҳомиладорлик вақтида ҳам малакали нефролог, трансплантологларнинг назоратида бўлган. Қувончли томони шундаки, унинг 3 килограм оғирликдаги фарзанди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида табиий туғиш йўли билан дунёга келди. Ҳозирда она ва боланинг аҳволи яхши. Уларга шифохонадан рухсат берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг