Бухоронинг 20га яқин майдон ва истироҳат боғларида Наврўз байрами давом этмоқда (фото)
Жорий йилги Наврўз тантаналари Бухоронинг 20га яқин майдон ва истироҳат боғларида ҳам зўр кайфият ва кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Саҳналарда қадимий урф-одатларимизга хос бўлган дорбозлар, қизиқчилар, халқ театри вакиллари, аскиячилар-у бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишларини, турли ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотларининг намойишини кўриб, дилларда шукроналик уйғонади.
«Лаби Ҳовуз» мажмуаси, Арк қўрғони, Пойи Калон ҳамда «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасида ўзгача шукуҳ ҳукм сурди. Эл ардоқлаган санъаткорлар ижро этган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида янгради.
—Бухорога биринчи марта келганимга кўп йиллар бўлди,—дейди сурхондарёлик меҳмон Ўрол Шерхонов,— бу галгиси айни Наврўз кунларига тўғри келди. Ўзим Шўрчи тумани «Ёш ғайрат» маҳалласи раисиман. Маҳалламиздаги 50 нафар ёшларни ушбу тарихий шаҳарга саёҳатини ташкил қилиб келдим. Таассуротларимиз бир дунё. Бухоро кутганимиздан кўра ҳам гўзаллашиб, чирой очибди.
Умумхалқ байрами муносабати билан вилоятнинг 13 та туман, шаҳри учун «Кўҳна ва боқий» мажмуасида ажратилган ҳудудлар баҳорий чечакларга бурканди.
Халқ этнографик дасталарнинг чиқишлари, новда ва қамишдан ясалган уй-рўзғор буюмлари кўргазмаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Тантанада иштирок этган хорижлик саёҳлар кўксомса ва сумалакнинг тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишишди.
—Юртимга қайтгач, ушбу таомларни ўз қўлим билан пишириб кўрмоқчиман. Таомларингизнинг таъми оғзимда қолди. Наврўз сайлига чиққан миллий либосдаги йигит-қизларнинг чеҳралари она-табиатингиз билан уйғунлашиб кетгандек. Тўғриси, саёҳат учун Ўзбекистонни танлаб янглишмабман,—деди Жанубий Кореядан ташриф буюрган сайёҳ Хуан Чи Ан.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter