«Бухоролик қардошларимиз мушкул паллада кўмак берганини асло унутмаймиз» – Туркия элчиси
Туркия халқи бир аср аввал истиқлол учун курашда туркистонликлар кўрсатган кўмакни ҳамиша ёдда сақлайди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар 28 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
29 октябрь куни Туркия Республикаси ташкил топганига 100 йил тўлади. Шу муносабати билан ташкил қилинган матбуот анжуманида элчи журналистларга республика таъсис этилишининг тарихий аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
«Усмонийлар давлати 1914–1918 йилларда Биринчи жаҳон урушида қатнашди. Мағлубият сабабли еримизнинг бир қисми ишғолчилар қўлига ўтди. Халқимиз Мустафо Камол Отатурк бошчилигида истиқлол учун курашга киришди ва ўз даврининг кучли давлатларини енга олди. Шу тариқа ватанимизни яна озод қилдик. Ҳуррият учун кураш кечган вақтда, мушкул паллада Бухородаги қардошларимиз бизга кўмак жўнатишди. Биз буни асло унутмаймиз», – дейди Олган Бекар.
Дипломат Туркия замонавий давлатчиликда қандай анъаналарга таянганига ҳам аниқлик киритди.
«Республика ташкил топгач, Туркияда тараққиёт ва замонавийлашув йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Инқилобий ўзгаришлар қилишга бел боғлаган халқимиз 700 йиллик Усмонийлар давлати мероси ҳамда олис асрларга бориб тақалувчи давлатчилик анъаналарига таянди», – дейди дипломат.
О.Бекар Туркия 2003 йилдан буён Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш йўлида қатъий одимлар отаётганини қайд этди.
Элчига кўра, Республика байрамининг 100 йиллиги Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади.
«Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллик санаси қардош Ўзбекистонда нишонланиши биз учун алоҳида маъно-мазмунга эга. Негаки, биз Ўзбекистонни ота юртимиз, тамаддунимиз бешиги деб биламиз. Ушбу тарихий сана муносабати билан кўплаб тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган», – дейди элчи О.Бекар.
Маълумот ўрнида, 1923 йилнинг 29 октябрь куни Туркия Республикаси (Türkiye Cumhuriyeti) ташкил топгани эълон қилинган. Истиқлол курашига бошчилик қилган Мустафо Камол Отатурк мамлакатнинг илк президент этиб сайланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter