Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D нусхаси яратилади

Бухорода Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D  нусхаси яратилади

Бухоронинг эски шаҳар қисмида 864-868-йилларда қурилган ва Сомонийлар даври (IX-Х аср) меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D  нусхаси яратилади.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов маълум қилди.

Таъкидланишича, Исмоил Сомоний мақбарасининг «Digital Twin», 3D-технологиялари ва географик маълумотлар ёрдамида бирга-бир рақамли нусхасини (эгизагини) яратиш ва «Google maps» тизимига бириктириш ишлари Корея Республикаси ахборот технолагияларини ривожлантириш миллий агентлигининг умумий қиймати 150 минг АҚШ доллари бўлган гранд лойиҳаси асосида амалга оширилади.

«Шарқнинг меъморий дурдонаси номи билан машҳур мақбаранинг интерьери уч поғонали, тўрт лик – тўрт қават девор, саккизлик – девордан томга ўтиш қисми ва том кўринишидаги гумбаздан иборат бўлиб, бир хонали квадрат шаклида қурилган. Мақбаранинг дизайни жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Усти гумбаз билан қопланган. Тўртта бурчаги устунсимон шаклда ишланган ва гумбази атрофига 4 та қубба ўрнатилган. Бироқ, қурилишида оддийгина пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилган мақбаранинг кечалари ўзидан нур таратиб туриши  бутун дунёни ҳайратга солган ва қизиқишига сабаб бўлган. Мақбаранинг «эгизаги»ни яратиш мақсадида Бухорога Жанубий Кореянинг «New Layer Co., Ltd», «EGIS Co., Ltd», «J-TOD Co.,Ltd», компаниялари ва «LX» корпарацияси вакиллари Lee Kwang Se, Kang Seokchan, Park Choondong, Dongho Lee, Lim Seong Ha, Kim Jeungsoo, Jung Inhyeлардан иборат делегация вакиллари келишди ҳамда лойиҳанинг мақсад ва мазмуни билан яқиндан таништиришди. Ўз ўрнида вилоят масъуллари томонидан мақбаранинг рақамли нусхаси яратиладиган объектларда тунги ёритиш тизимини ҳам йўлга қўйиш таклифлари билдирилди»,-дейди Шерзод Маҳмудов.

Ҳозирги кунда атрофи боғга айлантирилган иншоот сўнгги йилларда шаҳарсозлик, маданий мерос, археология соҳаларида кенг қўлланилаётган «Digital Twin», «D-Twin» (рақамли эгизак) технологияси ёрдамида мақбаранинг «эгизаги» моделлаштирилади ҳамда у 3D-платформасида ўз кўринишини янада жозибали намоён эта бошлайди.

«Мутахассисларнинг айтишича, мазкур лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, эришилган тажриба асосида Хива, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисмлари, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги қалъалар, археологик топилмаларнинг ҳам 3D нусхалари яратила бошланади»,-дейди Шерзод Маҳмудов. 

Маълумот ўрнида: 1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Исмоил Сомоний мақбараи қайта таъмирдан чиққан ва ЮНЕСКО ташкилотининг Бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган. 1993 йилда эса «Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати»га ҳам олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг