Бухоро солиқ бошқармаси биносига қуёш панеллари ўрнатилди
Бухоро давлат солиқ бошқармаси биносига 60 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят ДСБ масъул ходими Акмал Қурбонов «Xabar.uz» мухбирига маълум қилди.
Электр токининг тез-тез ўчиб туриши доимий ноқулайликларга сабаб бўлади. Бу эса ўз-ўзидан йирик корхона, ташкилотлар иқтисодиётига йўқотишга олиб келади.
«Қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр токига айлантирадиган фотоволтаик конвертор, яъни яримўтказгичли қурилма махсус рамкаларга ўрнатилди ва бу қуёш панелларини ҳосил қилди. Қуёшдан олинган ёруғлик эса электр токига айланади. Иш жараёнида турли муаммоларга дуч келмаслик учун қуёш панеллари энг мақбул ечим экан»,– дейди Акмал Қурбонов.
Унинг сўзига кўра, Бухорода давлат идоралари маъмурий биноларини муқобил энергияга ўтказиш борасида амалий жараёнлар бошланган. Дастлабки босқичда вилоят давлат солиқ бошқармаси биносининг том қисмида «Solar nature» МЧЖ томонидан умумий қуввати 60 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.
Номинал қуввати 535 Вт бўлган 112 дона монокристалли ушбу қуёш панели ва 24 та инверторлардан иборат мазкур станция йилига 22 минг кВт электр энергия ишлаб чиқарар экан. Бунинг натижасида қарийб 70 фоиз электр энергияси истеъмолининг тежалишига эришилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter