Бугун «Эл-Класико» бўлади
Дунё футболи ўз тарихида кўплаб буюк тўқнашувларга гувоҳ бўлган. Улар орасида «Эл-Класико» деб аталмиш наинки Испания, балки дунёнинг энг улкан икки жамоаси — «Реал» ва «Барселона» баҳси узоқ йиллардан буён футбол мухлисларининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Бугун ана шу беллашувларнинг навбатдагиси — Испания чемпионатининг 17-тури доирасида Мадридда ўтказилади. «Реал»нинг бир қатор омадсиз юришларию, «Барселона»нинг мағлубиятсиз одимлари унга бўлган қизиқишни икки карра оширмоқда.
Ушбу жамоалар ўртасидаги сўнгги беллашув шу йилнинг август ойида ўтказилган ва у Зидан шогирдлари ғалабаси билан якунланган эди. Бироқ жамоаларнинг бугунги имконияти ва салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар икки гранд имкониятини тенг баҳолаш мумкин.
«Реал» муҳим учрашувда деярли барча футболчиси хизматидан фойдалана олади. Криштиану Роналду олган кичик жароҳатидан бутунлай фориғ бўлди ва «қаймоқранглилар» мухлисларини хотиржам бўлишга чорлаган бўлса, «Барса» аксинча, баҳсни Самуэл Умтити ва Алкасерсиз ўтказишга мажбур. Аммо бу — каталонияликлар учун жуда улкан йўқотиш эмас ва улар баҳсни юқори нотада якунлай олишига жамоа мухлислари шубҳа қилишмаяпти.
Нима бўлганда ҳам барчаси бугун Тошкент вақти билан 17:00да бошланадиган баҳсда ҳал бўлади. Шуниси аниқки, бугун футбол мухлисларини томошабоп ва қизиқарли беллашув кутмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter