Бу йилги мустақиллик байрами шиори маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июнда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор матни «ЎзА»да келтирилган.
Унга кўра Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллиги тантаналари «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказилиши маълум қилинди.
Мазкур қарор билан халқимизнинг асрий орзуси бўлган, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.
Республика комиссиясига бир ҳафта муддатда «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Мазкур дастур 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда «Энг улуғ, энг азиз», «Ранглар жилосида – она диёр», «Ватан учун яшайлик!» каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлаш белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter