Британия ташқи ишлар вазири Исроилга келди
Британия ташқи ишлар вазири Девид Кемерон Яқин Шарқ сафарида Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан учрашади.
Sky News нашрининг ёзишича, учрашувлар 23 ноябр, пайшанба куни бўлиб ўтади.
Кемерон бугун эрталаб Исроилга етиб келган ва Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коен билан биргаликда Ғазо секторига яқин ҳудудда жойлашган, 7 октябр куни ҲАМАС ҳужум қилган Беэри кибуцига борган.
Кемерон музокарачиларни гаровга олинганларни озод қилишга ва буни амалга ошириш учун ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатишга чақирди.
«Бугун биз ушбу гуманитар оташкесимни кўришга умид қилаётган кун. Бу гаровга олинганларни озод қилиш ва ёрдам етказиб бериш учун имкониятдир», – дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Кемерон бир кун аввал, 22 ноябр куни Лондонда мусулмон давлатлари, жумладан, Миср, Индонезия, Иордания, Нигерия, Фаластин, Саудия Арабистони ва Туркия ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Араб Лигаси бош котиби ва Қатар элчиси билан учрашган эди.
Лондон учрашуви Ғазо секторида ўт очишни тўлиқ тўхтатиш мавзуси ҳам муҳокама қилинган.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ва халқаро ҳамжамият томонидан бу борада самарали ва тезкор қадамлар қабул қилиниши зарурлиги таъкидланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter