Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойлар учун янги солиқ жорий этиш таклиф қилинди

Бойлар учун янги солиқ жорий этиш таклиф қилинди

2020 йилдан буён дунёнинг 5 нафар бой одами ўз сарватини икки бараварга оширишга муваффақ бўлди. 5 миллиардга яқин камбағаллар эса инфляция сабаб 20 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда Oxfam хайрия ташкилотлари уюшмаси ҳисоботида сўз боради.

Сўнгги уч йил ичида дунёнинг беш давлатманди ўз бойлигини 405 миллиард доллардан 869 миллиард долларга етказди. 2020 йилдан буён барча миллиардерлар 3,3 триллион долларга бойиди.

Табақаланиш ва нотенглик кучайиб бораётганини қайд этган халқаро ташкилот 5 миллион доллардан зиёд маблағ учун қўшимча солиқ жорий этишни таклиф қилмоқда.

«Миллиардлаб одамлар пандемия, инфляция ва уруш долғаларига дучор бўлган бир пайтда миллиардерларнинг ошиғи олчи келмоқда. Умум фаровонлигига адолатли ҳисса қўшиши учун ўта бойлар қўшимча солиққа тортилиши керак», – дейди Oxfam Germany ташкилоти ижрочи директори Серап Алтинисик.

Халқаро ташкилотга кўра, 5 миллион доллардан зиёд маблағдан 2 фоиз, 50 милллион доллардан зиёд маблағдан 3 фоиз ва 1 миллиард доллардан зиёд маблағдан 5 фоиз миқдорида солиқ ушлаб қолиниши керак. Йиғилган маблағни эса иқлим муҳофазаси, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга сарфланиши мақсадга мувофиқдир. 

Маълумот ўрнида, SpaceX, Tesla, X (собиқ Twitter) сингари турли йўналишлардаги таниқли компанияларнинг хўжайини Илон Маск 2023 йилни жаҳоннинг энг бой одами сифатида якунлади. 2023 йил 28 декабрь ҳолатига кўра унинг сарвати 238 миллиард долларни (йил бошидан буён 101 миллиард доллар қўшилган) ташкил этган.

LVMH компанияси акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи франциялик тадбиркор Бернар Арно иккинчи ($179 миллиард), Жефф Безос (Amazon) учинчи ўринни ($178 миллиард) банд этган.

2020 йилда АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларида истиқомат қилувчи бир гуруҳ миллионерлар соғлиқни сақлаш, таълим ва хавфсизлик тизимини молиявий таъминлаш учун сайёрамизнинг энг бой одамларига солинадиган солиқни оширишни таклиф қилиб чиққан эди.

2023 йилда юртимизда аномал совуқ ҳукм сурган кунларда журналист ва блогер Никита Макаренко ҳам маҳаллий бойларимиз саховат ва ҳиммат кўрсатмаётганидан ёзғирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг