Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди

Бош прокуратура янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди

Фото: «Xabar.uz»

Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси «Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳада қуйидаги процессуал ҳаракатларни амалга оширишда видеоёзувдан фойдаланиш мажбурийлигини белгилаш назарда тутилган:

1) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни;

2) шахсни ушлаш жараёни;

3) шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш.

Юқоридаги жараёнлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида тегишли баённомага ёзиб қўйилади ҳамда унга видеоёзув материаллари илова қилинади.

Шахсни ушлаш жараёнида видеоёзувни қўллаш имконини бермайдиган кечиктириб бўлмайдиган ҳоллардагина (жиноят содир этилган жойда шахсни ушлаш, қидирувда юрган шахсни ушлаш ва бошқалар) процессуал ҳаракатларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилиши мумкинлигини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Бироқ, бундай ҳолатларда ҳам ушланган шахс давлат органи биносига олиб келинганидан сўнг унинг ҳуқуқларини видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтириш мажбурияти белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида ушбу шахснинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига дарҳол хабар бериш мажбурияти юклатилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг