Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бокс мактабида зўравонлик бўлганмиди?

Бокс мактабида зўравонлик бўлганмиди?

ВВС Ўзбек ахборот хизмати томонидан YouTube ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали «Ўзбекистон: боксдаги зўравонликлар бўлажак чемпионлар орзусини бўғмоқдами?» сарлавҳа остида видеолавҳа намойиш этилган эди. 2020 йил 14 феврал куни Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида ушбу видеолавҳа асосида муҳокама ўтказилди.

Маълум бўлишича, 2019/2020 ўқув йилининг биринчи ярми якунлари бўйича ўтказилган аттестация якунларига кўра спорт натижаси бўлмагани учун ўқувчилар сафидан чиқарилган 10-синф ўқувчиси Рихситилла Садировнинг онаси Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Оқмасжид маҳалласи, Атоий кўчаси 85-уйда истиқомат қилувчи Қурбонова Гулнора Қадиржановна ВВС Ўзбек каналига ўғлини ноҳақ ўқувчилар сафидан чиқарилганлиги ва унга нисбатан тренерлар томонидан тазйиқ ўтказиб келинганлигини айтиб, видео мурожаат йўллаган.

Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида ташкил этилган муҳокамада ушбу видеолавҳа барча иштирокчилар — мактаб-интернат раҳбарияти ва ходимлари, Лутфий маҳалласи раиси ва маҳалла вакиллари ҳамда мактаб-интернат спортчи ёшлари билан биргаликда муҳокама қилинди.

Видеолавҳада маълум қилинишича, Рихситилла Садиров дарсга кеч қолганида фан ўқитувчилари тренерга ўқувчиларни тартибга чақириш юзасидан мурожаат қилади, тренер спортчиларни бокс залига чақириб, дарсга қатнашмаган ёки кеч қолган ўқувчиларга нисбатан куч ишлатилганини, махсус спорт анжоми (пригалка) билан оёқ ости ва тананинг бел қисмига уришини, онаси эса бундай ҳолатда спортчилар қандай қилиб юксак спорт натижасига эришиши мумкинлигини билдирган.

Йиғилиш иштирокчилари олдида Р.Садировнинг барча синфдошларининг устки кийимлари ечилиб, бел ва орқа қисмига жароҳат етказилганлик ҳолати кузатилди ва жароҳат излари аниқланмади. Бокс бўлими ўқувчи-спортчилари тренерлар томонидан уларга нисбатан куч ишлатилмаслигини билдирди.

Ўқувчи-спортчилар танаси калтак изларига текширилди

Шунингдек, Р.Садиров спортда натижага эришмаганининг асосий сабаби — бокс бўлими тренерлари томонидан унга нисбатан доимий равишда руҳий босим ўтказилаётгани, деб билади.

Бокс бўлими спортчиларига қайси тренер томонидан руҳий босим ўтказилаётганлиги ҳақида мурожаат қилинганида, спортчилар бундай ҳолат рўй бермаганлиги билдиришди.

Мактаб-интернат директори А.Каримов ўқувчи-спортчиларга мурожаат қилиб, бокс бўлимининг тренерлари томонидан ҳақиқатан ҳам тазйиқ ўтказилганми, руҳий босим қайси тренер ва кимга ўтказилган, шундай ҳолатлар кузатилган бўлса очиқ-ойдин айтишини, тренерларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини таъкидлаб, бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслигини билдирди.

Тренерлар жамоаси билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, спортчиларни тайёрлашдаги меҳнатлари машаққатли эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳар бир спортчи билан ишлашда ўзаро ҳурмат, инсонийлик тамойилларига амал қилган ҳолда ёндошиш, терма жамоага муносиб номзодлар тайёрлаш борасида илғор тажрибаларни амалиётга тадбиқ этиш борасида кўрсатмалар берилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Манба: minsport.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг