БМТ Исроилнинг Шарқий Қуддусдаги хатти-ҳаракатини қоралади. Яна нима гап?
Исроил полицияси ишғол остидаги Фаластин ерларида – Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ мавзесида яшовчи оилаларни мажбуран кўчиришга киришди. Хонадон эгалари ҳайдаб чиқарилиб, тураржой бульдозер билан текисланган. Фаластинликларнинг уйи ўрнида Исроил аҳолиси учун уйлар қурилиши режалаштирилган. Ишғол остидаги Ғарбий соҳил ҳамда Шарқий Қуддусдаги фаластинлик оилалар уйларини бузиш жараёни кейинги пайтларда жадаллашгани айтилмоқда.
Шайх Жарроҳ мавзесидаги фаластинликларни мажбуран кўчириш ҳақидаги қарор 2017 йилдан буён баҳсларга сабаб бўлиб келади. Исроил томони ҳудуд яҳудийларга тегишли эканини даъво қилмоқда. Халқаро ҳамжамият эса фаластинлик оилалар бу ерга БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идораси билан келишув асосида жойлашганини таъкидламоқда.
Исроил полицияси томонидан Шайх Жарроҳ мавзесида куни кеча олиб борилган операция БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус мувофиқлаштирувчиси Тор Веннесланд томонидан қораланди.
«(Ишғол остидаги ҳудудларда) тураржойлар қуриш халқаро ҳуқуққа зид ноқонуний ҳаракат экани ва тинчликка эришишга жиддий тўсиқ эканини таъкидлашни истардим. Исроил ҳукуматини тураржойлар қуришни зудлик билан тўхтатишга чақираман», – деди БМТ вакили Т.Веннесланд.
Европа Иттифоқи ҳам Исроилдан фаластинликларни кўчириш, уйларини бузиш ва яҳудий қасабалари барпо қилишни тўхтатишни талаб қилди. Баёнотда Шарқий Қуддусдаги фаластинлик оилаларнинг ўн йиллар давомида яшаб келаётган бошпанасидан чиқариб юборилиши ўзи шундоқ ҳам мураккаб муаммони баттар чигаллаштириши таъкидланади. Расмий Брюссель яҳудий тураржойлари қуриш режаси Қуддусни ҳар икки давлат пойтахтига айланиши йўлидаги уринишларни йўққа чиқаришидан ҳам хавотирда.
Кейинги йилларда Исроил–Фаластин зиддиятида бутунлай биринчи томон манфаатини ҳимоя қилаётган АҚШ ҳам бу гал яқин иттифоқчисини босиқлик ва вазминликка чақирди. Қўшма Штатларнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд Шайх Жарроҳдаги ҳодисаларни атайин зўравонлик ва нафрат қўзғашга уриниш ўлароқ баҳолаб, ҳар икки томон ўзбошимча қадамлардан тийилиши кераклигини урғулади.
Фаластин томони Исроилни ноқонуний тураржойлар қуриш орқали Қуддуснинг тарихий, ҳуқуқий ва этник харитасини ўзгартиришга уринишда айбламоқда. Қайд этилишича, шу йўл билан Шарқий Қуддуснинг Фаластин пойтахти сифатида мақомини буткул тугатиш кўзланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин эгаллаб олган. Кўплаб мамлакатлар қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича уларга тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.
Фаластинликлар ноқонуний бузиш ва қурилишлар сабаб бир неча йилдан буён норозилик намойишлари ўтказиб келмоқда. Аввал хабар берганимиздек, ҳатто 2021 йил Рамазон ойининг Қадр кечасида ҳам зўравонлик кузатилган.
Ўшанда вазиятга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш аралашиб, Исроил ҳукуматини куч ишлатмасликка, фаластинликларни эса ракета ҳужумлари уюштирмасликка чорлаган эди. Халқаро ташкилот босиб олинган ҳудудларда инсон ҳуқуқарига риоя этиш муҳимлигини таъкидлаб, яҳудий тураржойларни кенгайтиришни тўхтатишга даъват этиб келади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter