Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Вируснинг кучи камайди дейиш тўғри эмас» — коронавирусга қарши курашган шифокор билан суҳбат

«Вируснинг кучи камайди дейиш тўғри эмас» — коронавирусга қарши курашган шифокор билан суҳбат

Тошкент тиббиёт академиясининг Анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири Неъматжон Ибрагимов.

Фото: «Xabar.uz»

Йил бошида Хитойнинг Ухань шаҳридан бутун дунёга ёпирилган офат уч ой ўтар-ўтмас бизнинг диёримизга ҳам кириб келди.

Тошкент тиббиёт академиясининг Анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири Неъматжон Ибрагимов билан бўлган суҳбатимиз коронавирус мавзусида.

 — Ўзбекистонга коронавирус пандемияси энди кириб келганида вазият қандай эди-ю, энди қанақа?

— Очиғи, бу ҳужумга бизда аллақачон тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганди. Ҳали вазиятни тўлиқ англамаганимиз учун турли тиббий адабиётларни ўрганиб, уни гриппнинг бир туридек (парранда, чўчқа грипплардек) қабул қилаётгандик. Унда коронавирус ҳали пандемия даражасига етмаганди. Ўшандаёқ махсус буйруғу фармонлар асосида топшириқлар берилиб, чоралар кўрилган ва биз касалликнинг бугун бўлмаса, эртага кириб келишини кутаётгандик.

Ўша пайтда энг катта ютуғимиз вақтида кўрилган чора-тадбирлар бўлди, яъни карантин зоналарининг ташкил этилгани. Акс ҳолда чартер ёки ўз рейси билан келган фуқароларимиз мамлакатимиз бўйлаб тарқаб кетиб, қийин аҳволда қолардик, деб ўйлайман. Тан олиш керак, бу ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган энг катта ёрдам бўлди.

Масалан, ҳамма кўкларга кўтарадиган Европа, Америка давлатлари, Россияни олайлик, вазиятни писанд қилмагани учун кўп йўқотишларни кўрди…

Тўғри, бошида ҳамма коронавирусни жуда кучли ваҳима билан қарши олди. Лекин у бугунга келиб ҳам ўз таъсирини сусайтиргани йўқ. Аксинча одамларнинг ўзи мослашиб, сал бефарқроқ муносабатда бўлишяпти. Шу кунларда иккинчи тўлқини деймизми ёки қолган думлари деймизми, хуллас, касалланганлар сони жуда тез кўпайиб боряпти. Бу карантин тадбирларининг юмшатилганини бошқача тушуниш, фуқароларимизнинг ўзини-ўзи ҳимоялаш ва тавсияларга риоя этмаслиги, огоҳлантиришларга қарамай катта ё кичик йиғинлар ўтказиши оқибати ҳамдир.

Лекин ҳукумат томонидан касалликка нисбатан муносабат ўзгаргани йўқ. Ҳозир ҳам тегишлича маблағлар ажратилиб, тиббиёт ходимлари хизмати, карантин зоналари сақланиб турибди. Дори-дармонлар ва уч маҳал овқати учун ҳам давлат томонидан маблағлар ажратиляпти.

— Карантин зоналаридаги шароит кўпчиликни қизиқтиради. Агар қарши бўлмасангиз, шу ҳақда гаплашсак…

— Биз Тошкент тиббиёт академиясидаги зонага апрель ойининг бошларида биринчилардан бўлиб кирдик. У ерда 15 — 20 кун ишлаган бўлсак, тиббиёт ходимлари ва беморларнинг рациони жуда бой ва калорияли эканига шахсан гувоҳман. Кези келса, одатий ҳаётимизда ҳам ҳар куни бундай тўлақонли овқатланолмаймиз. Уч маҳал витаминларга бой таомлар билан бирга салатлар, мевалар ҳам столга тортиларди. Шу ўринда қайта-қайта айтишдан чарчамайдиган бир эътирофим, бош шифокоримизнинг хизматдаги шифокору ҳамшираларга тоза асал олиб келиб тарқатиб тургани бўлди. Буни ҳеч унутмайман, «Иммунитетларинг кучлироқ бўлсин», деб шундай қилардилар. Яна ярим кечаси «Хизматдаги ҳамшираларга чой ичириб қўйдингларми», деб тез-тез хабар оларди. Буларнинг ҳаммаси биз тиббиёт ходимларига бўлган муносабатнинг бир кўриниши.

Шунингдек, у ерларда тартиб-қоидалар ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу борада Мудофаа вазирлигининг ёрдами жуда катта.

 — Сизнингча, бизга нисбатан нега қўшни давлатларда ўлим кўрсаткичи юқори?

— Ҳукуматимиз томонидан берилган топшириқ асосида ўз ташаббусимиз билан қўшни Тожикистон давлатига ҳам инсонпарварлик ёрдами, ҳам тажрибаларимизни ўртоқлашиш учун 8 та мутахассис юбордик. Вирус айни авжига чиққан паллада ҳам улар бизда коронавирус йўқ деб ўйлашган. Тест ўтказилмагани учун беморларга пневмония ташхиси қўйилаверган. Лекин кундан-кунга ўлим кўрсаткичи ортиб бораверган. Етиб боргач, ўрганган тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик. Карантин зоналарини ташкил қилишда ёрдамлашдик. Уларнинг соғлиқни сақлаш мутасаддилари ва ходимларини йиғиб, бизникилар билан телеконференциялар уюштирдик.

Ўшанда биз қўшни давлатлардаги ҳолатни ўзимизники билан солиштириш имкониятига эга бўлдик. Бизда ишчи гуруҳ сутка давомида кийимини 3 маҳал алмаштирар ва бунинг учун ҳамма шароитлар яратилганди. Яъни юқорида таъкидлаганимдек, биз «қуролланиб» кутдик бу касалликни. Лекин у ўйлаганимиздан анча жиддий дард чиқиб қолди. Шахсан ўзим 30 йиллик фаолиятим давомида жуда кўп касалликларни кўрганман. Лекин буниси… Тасаввур қилинг, эрталаб кўриб чиққан беморинг 2 соатда нафас етишмовчилиги билан реанимацияга ўтказилади-да, бир соат ичида аппаратга тушиб қолиб, аҳволи оғирлашади… Жараён жуда тез кечади… Кутилмаганда қон қуюқлашиб қолади ёки жигарда ўзгаришлар кузатилади. Бирдан буйрак вазифасини бажармай қўяди... Лекин кўпроқ нафас тизимида муаммолар туғилади. Шунинг учун бошида бироз қийналдик. Кейин тиббиёт академияси ректори ҳамда вазир муовини раҳбарлигида штаб ташкил қилиб, тор доирадаги мутахассислар билан видеоконференция ўтказадиган бўлдик. Чунки битта йўналишдаги мутахассис ҳамма касалликларни билавермайди. Барча касалликлар бўйича мутахассисларни олиб келадиган бўлсак, уларга шароит яратиб беришда муаммолар туғилади. Масалан, коронавирус юқтирган беморлар ичида ҳомиладор аёллар бўлса, конференция пайтида менга гинеколог маслаҳати кераклигини айтиб, ундан тегишли кўрсатмалар оламан.

Қўшни давлатларда айнан шундай чора-тадбирларнинг кечроқ йўлга қўйилгани вазиятнинг жиддий тус олишига сабаб бўлган деб ўйлайман.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тожикистонга тақдим этилган контейнерларни кўрдим (Адашмасам, 147 та эди). Уларнинг ичида ювиниш хонаси, телевизори, кондиционерлари бор. Контейнерлар стадионларга жойлаштирилди, касаллар кўплиги учун стационар сифатида фойдаланадиган бўлишди. Ўшанда шахсан президент Имомали Раҳмоннинг ўзи ташриф буюриб, миннатдорчилигини етказди. Яқин дўстларимиз — тожик халқининг биздан хурсанд бўлганини кўрсангиз, «Ака, сиз Ўзбекистонданми? Раҳмат сизларга, катта раҳмат» деб қолишди.

Шундай дақиқаларда кимларгадир ёрдамимиз текканидан қувониб, шифокор эканимиздан фахрланиб кетамиз.

— Бизда тиббиёт ходимларининг карантин зоналарига мажбурлаб жўнатилиши ҳолатлари ҳам учрадими? Бунда уларнинг ёши, саломатлиги инобатга олинадими?

— Йўқ, бундай ҳолатга умуман дуч келмадим. Лекин ишонч билан айтаманки, бутун дунё бошига келган бундай савдода, ўзини шу касбга лойиқ деб билган бирорта тиббиёт ходими ортга чекинмайди. Инсонлар умрига зомин бўлаётган пандемия — урушнинг бир туридек гап. Жанг пайтида ҳарбийларнинг ўзини четга олиб, бекинишини тасаввур қила олмаганимиздек, бу урушда тиббиёт ходимлари вазифаларини ўз ўрнида ўташи керак. Бошида ҳаётимизни, умримизни тиббиётга бахшида этиш йўлини танладикми, демак, шуни бўйнимизга олиб, охиригача туриб беришимиз шарт.

Қолаверса, менинг ёшим ҳам 60 га бориб қолди. Агар чуқур текширувдан ўтсак, ҳаммамизда ҳам қандайдир ёндош касаллик аниқланади. Кимдадир жигар, буйрак, қон томир, юрак, хуллас, ҳеч бўлмаганда, қон босими деганидек. Мен икки марта қайноқ нуқтада бўлдим. Тожикистонда кунига 400 — 800 тагача тест олганда вирус чиққанлар билан мулоқот қилдик. Албатта, ўзимиз билан ҳимоя воситаларини олиб кетганмиз. Шукурки, 8 киши кетган бўлсак, ҳаммамиз соғ-саломат қайтдик. Демак, ўзимизни яхшилаб эҳтиётласак, бунақа муаммолар келиб чиқмайди, назаримда.

— Карантин зоналаридан қайтган шифокорлар ҳам 14 кун мобайнида уйларидан ҳеч қаёққа чиқмай ўтиришадими?

— Агар, ҳа шундай, десам, нотўғри гапирган бўламан. Қайноқ нуқталарда бўлган тиббиёт ходимлари 14 кунга бирорта сиҳатгоҳга юборилади. Масалан, биз икки марта «Нуроний» санаторийсида бўлдик. Бири Тожикистондан келгач, иккинчиси Тиббиёт академиясида ишлаганимиздан кейин. Шунингдек, ходимларимиз «Олтин олма», «Ботаника» каби сиҳатгоҳларга ҳам юборилади. Улар 14 кун давомида ҳам карантинда бўлишади, ҳам чарчоқларини чиқаришади.

— Хориж маълумотларида вируснинг кучи борган сари сусаймоқда, деган қарашлар бор. Мутахассис сифатида сизнинг бунга муносабатингиз...

— Мен бугунги кунда коронавируснинг кучи камайди демаган бўлардим. Чунки аввалги беморларда қандай нафас етишмовчилиги кузатилган бўлса, бугун ҳам шундай.

Тўғри, ётиб еганга тоғ чидамас дейишади. Карантинда ўтирсак-да, ҳаёт давом этаверади. Шуларни инобатга олиб, ҳар биримиз ўз эҳтиётимизни қилиб, яшашда давом этишимиз керак.

Ниқоб тақ, масофа сақла, қўлингни тез-тез юв ёки дезинфекция қил, дейиляптими, бажариш лозим. Бу қоидалар амали биров учун эмас, ўзимизга кераклигини унутмаслигимиз зарур.

— Шу кунларда кўпчиликда томоқ билан боғлиқ енгил симптомлар кузатиляпти. Масалан, қичишиш, бир-бир йўтал деганидек, агар бу коронавируснинг яширин шакли бўлса, бемор атрофдагилар учун хавфлими?

— Албатта. Чунки у ташувчи бўлиб қолди. Нега биз ёш болалар, ҳомиладор аёллар, қариялар, иммунитети пастларни қайта-қайта огоҳлантиряпмиз. Чунки уларда юқтириш хавфи юқори. Мисол учун, яна бир яқин қўшнимиз Қозоғистонни олайлик. Уларда ҳам касалланганлар сони жуда кўпайиб кетяпти. Кичкина бир туманнинг ўзида 30 — 37 нафаргача ўлим ҳолати кузатиляпти. Демак, ҳазиллашиб бўлмайди.

Иммунитети кучли, йўлдош касалликлари бўлмаган одамлар касалликни енгил ўтказяпти. Аксариятида дарднинг яширин кечаётгани тест ўтказилиши натижасида аниқланяпти.

— Коронавирус кейинчалик ҳам ўзидан асорат қолдириши мумкинми?

— Биласизми, айни пайтда бу касаллик биз учун янгилик. Ҳали кейин нима бўлишини билмаймиз. Оқибати 2-3 йилдан кейин маълум бўлади. Яъни уни тўхтатиб, чуқур ўрганганимиздан сўнг. Ҳозирча бутун дунё бунинг охирига етгани йўқ. Нима бу, қаерда тўхтайди, нима билан тўхтайди, деган саволларнинг жавоби ҳаммани қизиқтиряпти. У ҳали ўрганиш жараёнида бўлган янги касаллик. Шунинг учун аниқ бир хулоса беролмайман, чунки асосим йўқ.

Лекин шу ўринда айтмоқчи бўлганим, бу вирусни тўхтатиш, даволаш йўлида шифокорлар, ҳукумат раҳбарлари, мутасаддилар минг югуриб, ҳой-ҳой қилгани ёки бутун бюджетдаги маблағни сарфлагани билан одамлар ўзини эҳтиёт қилмаса, бари бекор. Яъни ҳеч нарсани ўзгартиролмаймиз. Бу ҳар биримизнинг онгимизга сингиши керак бўлган ҳақиқат, шуни асло унутмайлик!

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг