Бош вазир ҳокимга: «Биргина кўзбўямачиликни деб бутун дунёга шарманда бўлдингиз!»

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Мазкур йиғилишда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири Жамшид Ниёзов ҳам иштирок этмоқда.
Йиғилиш давомида Абдулла Арипов Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни Президент ташрифи вақтида вилоятда йўл қўйилган кўзбўямачиликлар, жумладан, сохта иссиқхоналар туфайли қаттиқ танқид қилди.
— Ҳозир биз ахборот технологиялари замонида яшаяпмиз. Интернетда Қашқадарёдаги «сохта иссиқхоналар» билан боғлиқ тасвирлар тарқалди. Биргина кўзбўямачиликни деб бутун дунёга шарманда бўлдингиз! — дея ҳокимга танбеҳ берган Бош вазир.
Ўз навбатида Қашқадарё вилояти ҳокими мазкур ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигига, ижтимоий соҳа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигига ваъда берди ва «сохта иссиқхоналар» билан боғлиқ вазият учун узр сўради.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилиш Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилганини алоҳида қайд этиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter