Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бир ҳафтада Бразилия, икки ойда АҚШдан ўтиб кетади»: глобал эпидемия маркази Ҳиндистонга кўчмоқда

«Бир ҳафтада Бразилия, икки ойда АҚШдан ўтиб кетади»: глобал эпидемия маркази Ҳиндистонга кўчмоқда

Фото: AP

Ҳиндистон шиддат билан глобал коронавирус эпидемияси марказига айланмоқда, касаллик кетидан касаллик, бир антирекорд ортидан иккинчиси... Ва бу жараён ҳали-вери тўхтайдиганга ўхшамайди. Шу кетишда Жанубий Осиё гиганти (аҳолиси 1,3 миллиарддан зиёд) тез орада Бразилияни, кейин эса АҚШни ҳам ортда қолдиради, дейишмоқда «Bloomberg» экспертлари. 

Кеча Ҳиндистонда 78 761 нафар янги бемор қайд этилди (рўйхатга тушмаганлари қанча?..). Ҳали ҳеч бир мамлакатда бир суткада бунча бемор аниқланмаганди. Сўнгги 24 соат давомида 971 нафар ҳиндистонлик бемор оламдан кўз юмди.

Бу қора анъана сақланиб қоладиган бўлса, Ҳиндистон бир ҳафтада Бразилияни, икки ойда АҚШни чангида қолдириб кетади. Америкадаги бу икки давлатдан фарқли ўлароқ, Ҳиндистонда етти ой илгари биринчи бемор қайд этилганидан бери касалланишлар кўрсаткичи фақат тепага қараб турибди.

Энг хавотирлиси, мегаполисларни «супуриб ўтган» вирус Ҳиндистоннинг асосий аҳолиси яшовчи қишлоқ ҳудудларига энди-энди бош суқмоқда.

Нўъмон Шоҳ, Ҳиндистон миллий эпидемиология институти ходими:

«Аҳолиси кўп Ҳиндистоннинг соғлиқни сақлаш тизими нисбатан заиф, шу боисдан пандемиянинг энг катта янги ўчоғи бу ерда пайдо бўлиши муқаррар».

Ривожланаётган дунёдаги ҳеч бир мамлакат Ҳиндистончалик оғир вазиятга тушган эмас. Жуда кучли ва қаттиқ карантин чоралари икки ой ўтибоқ бекор қилинди, чунки ишсизлик, озиқ-овқат тақчиллиги, шаҳарлардан уйларига пиёда қайтаётган миллионлаб ишчилар... бунга асло чидаб бўлмасди.

Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат аҳолига «вирус билан яшаш»га рози бўлишни маслаҳат бериб, ҳар бир штатга вазиятга қараб чекловларни кучайтириш-юмшатиш ҳуқуқини тақдим этди.

Хомчўтларга кўра, Ҳиндистон иқтисодиёти 2020 йилнинг иккинчи чорагида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга пастлади. Осиёнинг биронта йирик давлати бунчалик йўқотишга учраган эмас, деб ёзмоқда «Bloomberg».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг