Беш давлат элчиси Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар — Фаластин давлатидан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатар давлатидан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакия Республикасидан Виктор Борецки ва Покистон Ислом Республикасидан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Президентимиз ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади. Мамлакатимизда янги элчихоналар очилмоқда, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари географияси ҳам кенгаймоқда. Яқинда юртимизнинг Швеция ва Венгрияда элчихоналари очилди, Тошкентда Қатар давлатининг дипломатик миссияси ўз ишини бошлади.
Мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталди.
Бундай кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатни тубдан ислоҳ қилишни, комплекс сиёсий, иқтисодий ва маъмурий янгиланишларни изчил олиб боришни талаб этади. Конституциямизни Янги Ўзбекистон воқелигига мос равишда янгилаш жараёни бу йўлдаги катта қадамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
— Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, — деди Президент.
Маросим давомида давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради.
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Япония элчисига мурожаат қилар экан, давлатимиз раҳбари Токио Ўзбекистоннинг вақт билан синалган стратегик шериги эканини, ушбу мамлакат билан муносабатлар ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётганини қайд этди.
Япония юртимиз иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан таъкидланди. 2019 йил декабрь ойида ўтган ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратган Ўзбекистон-Япония саммити тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Олий даражадаги ва вазирликлар ўртасидаги мунтазам мулоқотлар томонларнинг амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги юқори эканини кўрсатмоқда. Режалаштирилган кўп томонлама тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, «Марказий Осиё – Япония» мулоқоти икки мамлакат ўртасидаги шерикликни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қатар Давлати биз учун яқин дўст, нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфуз ва таъсирга эга мамлакат.
Президентимиз Қатар Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Таний раҳбарлигида эришаётган катта муваффақиятларни юксак баҳолади, футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Дохада БМТнинг энг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ҳамкорлик истиқболларини баҳолар экан, давлатимиз раҳбари бу борада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди.
Таъкидланганидек, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.
Президентимиз дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Словакия муносабатлари янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони 2 баравар кўпайгани бундан далолат беради.
Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти муттасил ошиб бораётган Покистон билан муносабатлар икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард долларга етказиш бўйича йўл харитаси қабул қилинган.
Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига самимий саломи ва эҳтиромини етказди. Юртимизда уларнинг дипломатик фаолиятига яратилган шароитлар ҳамда бугунги тадбирда кўрсатилган илиқ қабул ва алоҳида эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Элчилар Президентимиз томонидан илгари сурилган аниқ таклиф ва ташаббуслар ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда улкан амалий аҳамиятга эга эканини ҳамда Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати ва тажрибасини ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter