Бекободдаги болалар боғчасида 59 бола овқатдан заҳарланган. Муассаса вақтинча ёпилди
2018 йил 9 ноябрь куни Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига 8-сонли мактабгача таълим муассасасининг 8 нафар тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиши ташхиси эҳтимоли билан ётқизилган.
Бош прокуратура хабарига кўра, Бекобод шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув давомида, ҳозирги кунга қадар 8-сонли мактабгача таълим муассасасининг жами 56 нафар тарбияланувчилари ва 2 нафар тарбиячилари тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган бўлиб, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 10.11.2018 йилдаги маълумотномасига кўра, мурожаат қилган шахсларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этиб, «овқат токсикоинфекцияси» ташхиси қўйилганлиги кўрсатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан судга оид кимёвий ва бактериология экспертизалари тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар беришича, ҳодисадан сўнг МТМ фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, 9 ноябрь куни 17:15 дан 10 ноябрь 16:00 га қадар Бекобод тиббиёт бирлашмаси инфексион касалликлар бўлимига интоксикация синдроми клиник аломатлари (диареясиз) бўлган «ўткир гастрит, гастроэнтерит» дастлабки ташхиси билан 62 киши ётқизилган. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган. 7 нафар боланинг ҳолати ўртача, қолганлари эса ўртача оғир ҳолатди.
Шифохонага ётқизилган болалар ва катталардан бактериологик намуналар олиниб, лабораторияга юборилди. Эпидемиологик ўрганишлар ҳамда бактериологик текширувлар натижалари бўйича якуний ташхис қўйилади.
Айни вақтда 20 киши шифохонадан чиқарилди. 11 ноябрь куни эрталаб аҳволи яхшиланган яна бир қанча болаларнинг чиқарилиши маълум қилинди.
Текширувлар вақтида МТМдаги маиший музлаткич маркаланмагани ва носоз ҳолатда экани аниқланди. Тиббий ҳамшира томонидан кунлик намуна олинмаган. МТМда сабзавот ва илдиз мевали ўсимликларни тозалаш ва ишлов бериш учун алоҳида хона бўлмаган.
Бекобод ҳокими МТМ учун музлаткич ускунасини харид қилиш бўйича чораларни кўради.
Эпидемияга қарши чораларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга методик ёрдам бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИ директори, профессор Н.Отабеков ҳамда республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов бошчилигидаги инфекционистлар ва эпидемиологлар гуруҳини жўнатди.
8-МТМ 280 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 11 та гуруҳ, жумладан 2 та қисқа муддатли ва 9 та 10,5 соатлик гуруҳ фаолият кўрсатади. Рўйхатга кўра, болалар боғчасига 235 нафар бола қатнайди, 9 ноябрь куни эса 205 нафар бола бўлган.
Намунавий муассаса 1980 йилда қурилган, марказлашган сув таъминоти, табиий газда ишловчи ўз қозонхонаси мавжуд.
Бекобод ДСЭМ қарорига кўра, МТМ фаолияти вақтинча тўхтатилди, муассасада дезинфекцион тадбирлар ўтказилиб, тўлиқ ювиб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter