Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бекобод шаҳар ИИБга олиб кирилган ака-укаларнинг бири вафот этган. Ҳолатга расмий муносабат билдирилди

Бекобод шаҳар ИИБга олиб кирилган ака-укаларнинг бири вафот этган. Ҳолатга расмий муносабат билдирилди

Жорий йилнинг 19 июнь куни Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган ака-укаларнинг бири вафот этди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг мазкур воқеага билдирган муносабатига кўра, ўша куни 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю.лар Бекобод шаҳар Жиноят ишлари бўйича судида укалари – ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «е,к,л» бандлари билан айбланувчи 33 ёшли Х.Ю.нинг суд ишида иштирок этишган.

Суд мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Ю.нинг акалари укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангандан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаришгани оқибатида жамоат тартиби бузилиши юзага келган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган.

Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

Берилган расмий маълумотга кўра, ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаролардан бири 1981 йилда туғилган Д.Ю. соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган.

Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борганлар. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этганлиги аниқланган.

ИИВ Матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг билдиришича, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган бўлиб, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда, тегишли судга оид экспертизалар тайинланган.

«Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъий назар фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади», – деб ёзади Ғиёсов. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг