Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам кунлари электр узилмаслиги учун чоралар кўрилмоқда — вазирлик

Байрам кунлари электр узилмаслиги учун  чоралар кўрилмоқда — вазирлик

Фото: Xabar.uz

Энергетика вазирлигида тизимда фаолият юритаётган барча корхоналар раҳбарлари иштирокида байрам кунлари истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Янги йил байрами кунлари истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича ҳар бир корхоналарга зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди ва унга асосан қуйидаги ишлар амалга оширилади, дейилади хабарда.

Биринчи навбатда, нефть-газ ва кўмирни қазиб чиқариш, электр энергияси ҳамда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича корхоналарда махсус штаблар ташкил этилди.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялар ва марказлар барқарор ишлашини таъминлаш учун кунига ўртача 47-48 млн куб метр табиий газ етказиб берилади. Шунингдек, станциялар учун 70 минг тонна мазут ва 230 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди.

Ҳудудлардаги барча кўмир омборларига кўмир маҳсулотини узлуксиз етказиб берилиши таъминланади.

Байрам кунлари истеъмолчиларга кунига ўртача 155 млн куб метр табиий газ, 2 минг тонна суюлтирилган газ, 5000 тонна автобензин, 5000 тонна кўмир ҳамда 235 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.

Таъкидлаш керакки, байрам кунлари, жумладан, янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди. Чунки таълим муассасалари ва бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтади. Шу муносабат билан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади.

Агар, тармоқларда носозлик ҳолатлари юзага келадиган бўлса, ҳудудлар бўйлаб электр ва газ таъминоти корхоналарида туну кун ишлайдиган 1200 дан ортиқ махсусс бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг