Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АЁҚШларда қатор қоидабузарликлар аниқланди — вазирлик

АЁҚШларда қатор қоидабузарликлар аниқланди — вазирлик

Фото: «Xabar.uz»

Энергетика вазирлигига кўра, ой бошидан ўртача кунлик 7137 тоннадан автобензин биржа савдолари орқали сотувга қўйиб борилган. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли барча автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) Аи-80 маркали автобензиннинг 1 литри 5700 сўмдан сотилмоқда.

Ўрганишлар давомида республика бўйича 109 та тадбиркорлик субъектларига тегишли хусусий АЁҚШларда бир қатор қоидабузарликларга йўл қўйилганлиги (нархни асоссиз равишда ошириб сотиш, камомадга йўл қўйиш, сифатсиз маҳсулот тарқатиш, кам қуйиш ва бошқа ҳолатлар) аниқланди.

Жумладан, Андижон вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 8 та, Жиззах вилоятида 4 та, Қашқадарё вилоятида 19 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Наманган вилоятида 4 та, Самарқанд вилоятида 26 та, Сурхондарё вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 5 та, Тошкент шаҳрида 7 та, Фарғона вилоятида 22 та ҳамда Хоразм вилоятида 4 тани ташкил қилади.

Мисол учун, Андижон вилояти Избоскан туманида жойлашган «РАВОН ОИЛ ТEХСEРВИС» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-92 русумли автобензиннинг сифати бузилганлиги, Аи-80 русумли автобензин нархини ошириб сотилаётганлиги (7 000 сўм);

Қўрғонтепа туманида жойлашган «БУЮК КУРГОН» хусусий корхонасига қарашли АЁҚШда Аи-92 русумли автобензиннинг сифати бузилганлиги;

Хўжаобод туманида жойлашган «ВОДИЙ ТРАНС ОИЛ» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-80 русумли автобензин нархини ошириб сотилаётганлиги (7 000 сўм) ва Аи-92 русумли автобензин сифати бузилганлиги аниқланди.

Хоразм вилояти Боғот туманида жойлашган «Ширин» хусусий корхонасига қарашли АЁҚШда Аи-92 (5 001 литр) русумли автобензин сифатсиз эканлиги;

Тупроққалъа туманидаги «Автогаз Муқаддас» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-80 русумли автобензинни кам қуйиш ҳолати аниқланди.

Наманган вилоятида Уйчи туманидаги «Давр плюс» МЧЖ ва Учқўрғон туманидаги «Фурқатжон ОИЛ» МЧЖларга қарашли АЁҚШларда сотилаётган Аи-92 русумли автобензин сифатсиз эканлиги аниқланди.

«Мазкур тадбиркорлик субъектларига аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар биржа савдолари орқали Аи-80 русумли автобензин харид қилишга чекловлар ўрнатилди ва назоратга олинди. Йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг