Аёлларнинг давлат ишига ёндашуви эркакларникидан фарқ қилади
Бугун дунё аҳолисининг ярмини аёллар ва қизлар ташкил этишини инобатга олиб, инсоният салоҳияти ошиб боришида уларнинг ҳам тенгма-тенг ҳиссаси борлигини англаш мумкин. Хотин-қизларни жамият ҳаётига кенг жалб этиш ортидан самарадорликнинг ошиши ва иқтисодий ўсишга эришиш мумкинлиги эса аллақачон исботланган.
Тарих кўплаб истеъдодли, фаол аёлларни кўрди: улар орасида сиёсатчилар, профессор ва академиклар, тадбиркору дизайнерлар, ҳатто, алоқачи ва технологлар ҳам бор. Шу ўринда савол туғилади, нозик жинс муваффақиятининг сири нимада? Aёлларнинг соҳага ўзига хос ёндашуви кучли жинсдан нимаси билан фарқ қилади? Нима учун бугун бизнесда, раҳбарликда ютуқларга эришаётган аёллар сони кундан-кунга кўпаймоқда? Эҳтимол, бу ижтимоий ақл билан боғлиқдир?.. Лекин биз сиз азизлар эътиборига кўп нарсаларга эришган аёлларимиз эмас, аксинча, чин бахт ва муваффақият манзилини кўзлаган фаол ва иқтидорли, интилувчан, янгича дунёқарашга эга, ҳозирданоқ раҳбарлар эътирофига сазовор бўлаётган ёшларимизнинг ҳаёт йўлларидан ҳаволалар ҳамда саволларимизга берган жавобларини тақдим этамиз.
Саволлар
- Aёлларнинг давлат ишига ўзига хос ёндашуви борми?
- Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун нима қилиш керак?
- Ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?
«Ҳеч иккиланмай магистратура учун Германиянинг Зиган университетини танладим» – Дурдона Умарова, ИНҲА университети халқаро бўлим бошлиғи.
Бизни креатив фикрлари билан ўзига жалб қилган суҳбатдошимизга ҳозирда ИНҲА университетининг халқаро бўлимини бошқариш вазифаси юклангани унга нисбатан қизиқишимизни янада оширди.
– Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Бу йўналишни танлашимга иқтисодиётга ихтисослаштирилган 166-мактабда ўқиганим ҳам сабаб бўлган, – дейди Дурдона Умарова. – Мактабни 2006 йилда битирган бўлсам, ўша йилиёқ International House Tashkent лицейига қабул қилиндим. Бу даргоҳда ўқиш жараёнида Тошкент халқаро Вестминстер университетига ўқишга кириш учун тайёрландим. Лицейни тугатгач, ўзим ният қилган олийгоҳнинг иқтисодиёт йўналишида ўқишга муваффақ бўлдим ва 2012 йилда университетни ҳам битирдим. Ўқиб-ўрганганим сари ўзимга ишончим ортиб бораётганини ҳис қилардим. Шу боис ҳеч иккиланмай магистратура учун Германиянинг Зиган университетини танладим. Ва 2014 йилда олийгоҳнинг иқтисодий сиёсат йўналишини битириб, юртимга қайтдим.
Дурдона ўқиш даврида фалсафа, психология, сиёсат ва иқтисодиётга жуда қизиққан. Вақт ўтиши билан бу соҳалар у учун севимли машғулотларга айланган. Ҳозир ҳам билим олиш ва дунёқарашини бойитишдан тўхтамайди.
– Маълумки, бугунги кунда техника-технологиялар, илм-фан жуда тез ўзгаряпти. Бугун муҳим бўлган нарса эрта бир кун янги кўриниш ва сифатлар алмашуви ҳисобига ўзига хослигини йўқотади, – дейди қаҳрамонимиз. – Билим олишда энг муҳим сифат ёки усул бу – ҳеч қачон янги билим ва имкониятларга қизиқишни сўндирмаслик, ҳар доим янги ўзгаришлар ва янгиликларга очиқ ва мослашувчан бўлишликдир.
Биз Дурдонадан ўқиб-ўрганганлари, эришган ютуқларидан келиб чиқиб, тенгдошларига мотивация берадиган маслаҳат ва таклифлари билан ўртоқлашишини сўраганимизда, у бажонидил рози бўлди.
– Ҳозирги таклифларимни ўз хулосаларимдан келиб чиқиб айтмоқчиман. Эътибор берган бўлсангиз, одам ўзи учун янги ҳолат ёки фаолиятни, йўналишни дарҳол англай олмайди. Уни ўрганиш, нима эканлигини англаб етиш учун йўриқномасиними, у ҳақидаги маълумотларними, хуллас, камида 10 марта қайта-қайта ўқиб чиқиши керак, – дейди Дурдона. – Ҳатто, бироз тушунарли туюлган тақдирда ҳам. Шунингдек, вақти-вақти билан олинган билимларни ўйлаб, таҳлилини олиб бориб, амалда қўллашга ҳаракат қилинг. Унутманг, тушунсанг – энг мураккаб билим ҳам оддий туюлади, аммо унга етиб бориш йўли жуда қийин. Бунинг учун сабр керак. Яна ҳеч қачон маълумотни ёдламанг – шунчаки қайта-қайта ўқинг. Шунда аста-секин тушуниб оласиз. Бундан ташқари, ҳеч қачон бирор нарса олиш ёки топиш учун ҳаракат қилманг. Балки ўзингизни такомиллаштириш, янги ўзгаришларнинг энг юқори чўққиларига тайёр бўлиш учун ўз устингизда ишлашни тўхтатманг. Ана шунда йўлда учраган тўсиқ ва қийинчиликлар аҳамиясиздек туюлади.
Жавоблар
- Менинг фикримча, аёлларнинг давлат ишига ўзига хос ёндашуви бор, албатта. Бу нуқтаи назар эркакларникидан анча фарқ ҳам қилади. Aёллар заифалиги, бир зумда ва тез қарор қабул қилиши, муаммоларга нисбатан юқори сезгирлиги, ҳар қандай ўзгаришга дарров мослашиши билан ажралиб туради. Шунингдек, аёлларда ҳиссий сезги, вазиятни осон қўлга олиш, фаоллик, масъулият, баъзида импулсивлик ривожланган бўлади. Айниқса, ҳукумат ишларида у барча томонларнинг манфаатини ҳисобга олади, мувозанат, тенглик ва ошкораликни сақлайди.
- Aввало, шахсий ҳаёт ва иш ўртасидаги мувозанат бузилмаслиги учун аёл устуворликни тўғри йўлга қўйиши лозим. Масалан, ишда бутун эътиборни ташкилот ёки раҳбариятнинг топшириқлари ва белгиланган вазифаларни бажаришга қаратиш зарур. Шахсий муаммоларни ишхонага олиб келмаслик керак, айниқса, ҳамкасблар билан буни муҳокама қилиш умуман тўғри келмайди. Бу ходимнинг профессионал эмаслигидан далолат беради.
Шахсий ҳаётга ҳам иш билан боғлиқ муаммоларни олиб кирмаган яхши. Ишдаги муаммони ишда, уйдаги муаммони уйда қолдириш энг тўғри ечим. Ҳар қандай шароитда тез ва динамик равишда конвертация қилиш қобилияти муҳим ва бу аёлга фақат устунлик беради.
- Биринчи ва асосий мақсадим, аввало, фарзандларимга муносиб она бўлиш ва уларга тўғри тарбия бериш. Шунингдек, олган билимларимни фаолиятимга татбиқ этиб, Ватаним тараққиётига озми-кўпми ўз ҳиссамни қўшиш.
Шу ўринда, ўзбек аёлларига ўз салоҳиятларини кўрсатиш, ҳаётда ўрниларини топиши учун имконият бериш кераклигини таъкидламоқчиман. Ишончим комилки, бизнинг аёллар юқори меҳнат унумдорлиги, ҳалоллиги ва энг яхши фазилатлари орқали мамлакатимиз иқтисодиётини юқори поғоналарга кўтаришга ҳам катта ҳисса қўшади.
«Аёлларнинг раҳбар лавозимларида фаолият олиб бориши тарафдориман» – Хуршидабону Шодмонова, «Ўзбектелеком» AК Бухоро филиали стандартлаштириш ва сифат менежменти тизими бўлимининг 2-тоифали муҳандиси
Қизиғи, бу суҳбатдошимиз оилада ягона алоқачи. Касбига меҳри ошишида жуда талабчан ва ўз ишининг билимдони бўлган устози, бўлим бошлиғи Мадина Холбоеванинг ҳиссаси катта деб билади. Ёш алоқачимиз жамоат ишларида ҳам фаол. Йўналиши бўйича бир нечта сертификатларга эга.
– Ёшлигимдан математика ва физика каби аниқ фанларга қизиқиб, уларни чуқур ўзлаштирганим сабаб 2010 йили Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кирдим. 2014 йилда бакалаврни, 2017 йилда эса ахборот хавфсизлиги йўналиши бўйича магистратурани тамомладим, – дейди Хуршидабону Шодмонова. – Таҳсил олиш жараёнида танлаган соҳамнинг жуда қизиқарли эканини тушуниб бордим. Илк фаолиятимни 2017 йили Бухоро филиали маълумотлар узатиш тизимини бошқариш бўлимида муҳандислик лавозимидан бошладим. У ерда амалий билимларимни мустаҳкамлаб, 2018 йилдан бугунги кунга қадар филиалнинг стандартлаштириш ва сифат менежменти тизими бўлимида 2-тоифали муҳандис сифатида ишлаб келяпман.
Жавоблар
- Aёл киши ўзига нисбатан жуда талабчан бўлади, шу жумладан, танлаган соҳаси бўйича ҳам. Ишга ёндашувда вазиятга тўлақонли баҳо беришга ҳаракат қилади. Масалан, устозларим менга «Бир кунда 10та иш қилма, майли, иккитасини бажар, лекин 5 баҳога арзисин», деб ўргатишган. Яъни масъулиятни борича зиммамизга оламиз. Ҳатто, майда деталлар ҳам эътиборимиздан четда қолмайди. Муҳими, айнан шу хислатларимизни бошқаларда ҳам кўришни истаймиз ва буни талаб қиламиз...
- Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни ушлаб қолиш учун, биринчи галда, тўғри режалаштиришни билиш зарур. Шунда ҳаммасига улгурасан. Албатта, бу борада оиладагиларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам жуда муҳим деб ўйлайман.
- Мақсадларим чексиз десам ҳам бўлади. Ниманидир режалаштирсам, албатта, унга эришиш йўлларини қидираман, ҳеч қачон ўхшамай қолиши ҳақида ўйламайман... Фаолиятим бўйича олдимга қўйган мақсадим: келажакда ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари соҳаси ривожига ўз ҳиссамни қўшиш, карерамни яратиш, компания ва филиалда сифат менежменти тизими бўйича ишларни босқичли ривожлантиришга эришиш. Гендер тенглик, яъни аёлларнинг ҳам раҳбар лавозимларида фаолият олиб бориши тарафдориман.
Шоҳида Исроилова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter